Президент Шавкат Мирзиёев 28 та йигитга берилган «Мард ўғлон» давлат мукофотини бериш тўғрисида фармонни имзолади, дея хабар берди ЎзА. Айтилишича, совриндорларга тантанали равишда диплом ва кўкрак нишонлари топширилади.

2017 йилда таъсис этилган ушбу мукофот 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли йигитларга, академик ютуқларга эришган, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан ажралиб турадиган, шунингдек, фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади.

Давлат мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари — 11 млн 150 минг сўм миқдорида белгиланган.

Лауреатларнинг тўлиқ рўйхати ҳужжатда келтирилган. Улар орасида мактаб ўқувчилари, талабалар, ёш олимлар, ҳарбий хизматчилар, тадбиркорлар, шифокор-эпидемиолог, газета муҳаррири ва сузиш бўйича миллий терма жамоа аъзоси бор.