Янги Зеландия жиноят суди мамлакатнинг Крайстчёрч шаҳрида жойлашган иккита масжидда оммавий қотиллик содир этган Брентон Таррантга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда New Zealand Herald нашри хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йили 15 март куни 29 ёшли Брентон Таррант Янги Зеландиянинг Крайстчёрч шаҳридаги иккита масжидга ҳужум уюштирганди. Шунда қуролланган шахс Линвуд ва Динс-авенюдаги масжидларга жума намози ўқилганидан сўнг бостириб кириб, ўқ отган. Террористик ҳужум оқибатида 51 киши ҳаётдан кўз юмган ва 40 нафари эса жароҳатланган.

Суд қарорида қайд этилишича, Брентон Таррант умрбод озодликдан маҳрум этилиб, унга нисбатан муддатидан олдин озод этиш тартиби қолланилмайди. «Бу у ҳеч қачон озодликка чиқмаслигини билдиради», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бундай қарор Янги Зеландия тарихида биринчи марта ҳукм қилиниши.

Ўз ўрнида, айбланувчи суд қарорига қарши чиқмаслиги билдирди, лекин, шу билан бирга, у ўзини ирқчи ёки ксенофоб (ўзгани тенг кўрмайдиган ва ёқтирмайдиган шахс — таҳр.) деб тан олмаслинини қайд этиб ўтди.

«Оғриқни ҳеч нарса юмшата олмайди, аммо умид қиламанки, бу жараён давомида сиз (мусулмон жамияти — таҳр.) Янги Зеландиянинг қучоғини ҳис қилдингиз. Унинг (Брентон Таррант — таҳр.) исмини айтиб ўтиришга энди ҳожат йўқ ва у умри охиригача ўзига лойиқ жазони олди», — дея суд ҳукми борасида изоҳ берди Янги Зенландия бош вазири Жасинда Ардерн мамлакатнинг мусулмонларига йўналтириб.