Вазирлар Маҳкамасининг 26 август куни қабул қилинган қарорига асосан Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга кўра, институтнинг асосий вазифаларидан бири иқтисодиёт ва қурилиш соҳаси бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган, рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, институтда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади. Бунинг учун институтга кундузги таълим шакли бўйича қабул параметрлари Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан белгиланади.

Андижон шаҳрида жойлашган Андижон хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми бино ва иншоотлари Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилгани маълум қилинди.

Шунингдек, қарорда келгусида институтда талабалар сони ошишини инобатга олиб, 2022 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган инвестиция дастурларига 1200 ўринли ўқув биноси ва 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш лойиҳаларини киритиш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида президент қарори билан Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.