27 август куни, навоийшунос олим, шоир ва ёзувчи Акром Малик 4 йилдан сўнг қамоқдан озодликка чиққани маълум бўлди. У Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ маҳкумлар қаторида авф этилган.

Маълум бўлишича, Акром Маликов (таҳаллус — Акром Малик — таҳр.) 2016 йил июль ойида Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирда Давлат хавфсизлик хизмати — таҳр.) томонидан қамоққа олинган. Шунда у Жиноят Кодексининг 159-моддаси («Конституцион тузумга тажовуз») ҳамда 244-моддаси («Жамоат хавфсизлигига таҳдид») билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

«Акром Маликнинг муҳолифатдаги Муҳаммад Солиҳ билан ҳамкорлиги ва „Абдуллоҳ Нусрат“ таҳаллуси билан ёзган сиёсий-танқидий мақолалари жиноят сифатида баҳоланган», — дейилади хабарда.

Шоир ва ёзувчи Акром Малик қамоқда ҳам илмий ва бадиий ижод билан машғул бўлиб, унинг «Жангчи», «Ҳалқа» каби қиссалари, «Қалбнинг ичидаги нур» рисоласи ва бир неча шеърлари ижтимоий тармоқлардан жамоатчиликка етиб борган, дея маълум қилинади.

Xabar.uz нашрининг ёзишича, 2019 йили Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги 48-манзил-муассасада жазо муддатини ўтаётган Акром Малик мазкур муассасада сақланаётган маҳкумлар номидан Президент Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаганди.