Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Қайд этилишича, мазкур қарор «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини давом эттириш ҳамда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида қабул қилинмоқда.

Ҳужжатда қайд этилишича, сентябрь ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:

  • моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
  • ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга.

Бир марталик моддий ёрдам миқдори ҳар бир 16 ёшга тўлмаган бола учун 500 минг сўм этиб белгиланди (агарда оилада уч нафар бола бўлса, маблағ миқдори 1,5 млн сўмни ташкил этади).

810 мингдан ортиқ болани моддий қўллаб-қувватлаш учун 400 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари сарфланади.


Инфографика: АОКА