25 август куни Ўзбекистон Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати автомобиль ойнасига парда ўрнатиш бўйича Ички ишлар вазирлиги бошлаган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

ИИВ Олий судга Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги қарори ва Бухоро вилояти маъмурий судининг 2019 йил 2 октябрдаги қарори устидан назорат тартибида шикоят киритган эди.

Қайд этилишича, Б. Бахранов 2019 йил 18 апрель куни Бухоро кўчалари бўйлаб Nexia автомобилида ҳаракатланиш вақтида ЙҲХБ ходими томонидан тўхтатилган. Текширув вақтида автомашинанинг орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатгани учун унга нисбатан «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 3-иловаси 7.3-банди талабларини бузганлиги учун МЖтК 126-моддасининг 1-қисми (кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

2019 йил 6 сентябрь куни Бухоро шаҳар маъмурий суди томонидан фуқаро Б. Бахрановга нисбатан МЖтК 126-моддаси 1-қисми бўйича юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иши кўриб чиқилган.

Суд иш бўйича ҳуқуқбузар ва мутахассисларнинг кўрсатмалари ҳамда прокурор фикрини тинглаб, ишда мавжуд ва суд мажлиси давомида аниқланган ҳолатлар ва тўпланган ҳужжатларга асосланиб кўра Б. Бахрановнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли ишни тугатишни лозим деб топган.

Хусусан, судда мутахассис сифатида сўралган Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси ходими Ф. Ирисов Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган давлатлараро стандартда (ГОСТ 33988−2016) автотранспорт воситаларини орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатиш тақиқланиши ҳақидаги қоидалар мавжуд эмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, амалдаги техник регламентга кўра, парда ўрнатилган ойнада ёруғлик ўтказувчанлиги даражасини текшириш имкони мавжуд эмаслиги, чунки мазкур текширув фақатгина туси ўзгартирилган ойналарда ёруғлик ўтказувчанлигини текширишни назарда тутиши, парда ўрнатилиши ойналарни тусини ўзгартириш (қорайтириш) ҳисобланмаслигини баён қилган.

2019 йил 2 октябрь куни Бухоро вилояти маъмурий судида Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги қарорига нисбатан Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан келтирилган кассация шикояти кўриб чиқилган. Кассация инстанцияси судининг қарорига мувофиқ Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги Б. Бахрановга оид қарори ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантиришсиз қолдирилган.

Шундай қилиб, Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги ва Бухоро вилояти маъмурий судининг 2019 йил 2 октябрдаги қарорларини ўзгаришсиз қолдирди.