Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ижтимоий тармоқларда хориждаги фуқароларни олиб келиш учун ташкил этилаётган чартер репатриация рейслари чипталари жуда қиммат нархларда сотилаётгани ҳақидаги хабарлар бўйича изоҳ берди.

Вазирлик хабарида келтирилишича, бу каби хабарларни қолдираётган фуқаролар аслида туроператорлар томонидан амалга оширилаётган тижорий чартер қатновларининг чипта нархлари хусусида фикр билдирмоқда.

Қайд этилишича, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 7 июлдаги 33-сон баёнига мувофиқ, бугунги кунда «Atlanta Air», «Asia Lux», «Oltin Vodiy», «Anzur Travel», «Real Avia Business», «Don Avia Trans», «Jalolquduq avia trans»,"Otpusk.uz" каби йигирмадан ортиқ хусусий туроператорлар томонидан бир қатор йўналишларда тижорий чартер қатновлари амалга ошириб келинмоқда. Туроператорлар томонидан ташкил этилган тижорий чартер қатновлари орқали шу бугунги кунга қадар 3 000 нафардан ортиқ фуқаролар Ўзбекистонга олиб келинди.

Транспорт вазирлиги туроператорлар ва авикомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер қатновларининг Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ ташкил этилаётган чартер репатриация рейсларга алоқаси йўқ эканлигини яна бир бор эслатиб ўтди.

Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ, Uzbekistan airways авиакомпанияси томонидан амалга оширилаётган чартер репатриация рейслари чипта нархлари энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган йўналишлар:

  • Москва — Тошкент 397 доллар;
  • Истанбул — Тошкент 353 — 400 доллар;
  • Дубай — Тошкент 366 доллар миқдорида бир томонга реализация қилинмоқда.