Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви Тошкентда Anor Bank акциядорлик жамиятини рўйхатдан ўтказиш ва унга банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар берди молиявий регулятор матбуот хизмати.

Мазкур банкка дастлабки рухсатнома март ойи бошида Марказий банк томонидан берилганди. Шундай қилиб, Anor Bank мамлакатдаги биринчи рақамли банк сифатида тарихга кирди. Хабарда банк таъсисчилари ҳақида маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилдаги қарори билан Марказий банкка норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни замонавий банк хизматларини кўрсатиш учун тўсиқларни бартараф этиш ва шароит яратиш, шу жумладан чакана хизматларга ихтисослашган «рақамли» банклар ва банк бўлинмаларини ташкил этиш топшириғи берилган эди.