Жиззахда автобус ва юк автомашинаси тўқнашуви оқибатида икки киши воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

ЙТҲ 25 август куни соат 14:32 ларда, Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятга эга М39 «Термиз-Тошкент» автомобиль йўлининг 965-километрида содир бўлди. Ҳайдовчи М.Р. (1983 й.т.) Zhongtong Bus русумли автобусни бошқариб кетаётиб, ўзидан олдинда кетаётган ҳайдовчи, Х.А. (1979 й.т.) бошқарувидаги Isuzu русумли юк автомашинасининг чап ён томонига урилган.

Натижада, Isuzu русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонидаги бетон тўсиққа урилиши оқибатида ағдарилган. Ағдарилиш натижасида, ушбу автомашина ҳайдовчиси 41 ёшли Х.А. ва автомашина салонида бўлган йўловчи 17 ёшли А.Н. оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этишган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.