TikTok ижтимой тармоғига эгалик қилувчи Хитой ByteDance компанияси 24 август куни АҚШ судига шикоят билан мурожаат қилди. Бу ҳақда компаниянинг сайтидаги мурожаатномада айтилган.

Компания АҚШ ҳукуматининг мамлакат ҳудудида TikTok фаолиятини тақиқлаш бўйича қарорига қарши чиқишга ҳаракат қилмоқда.

«Сўнгги бир неча йил ичида барча қатламдаги одамлар TikTok жамиятини қабул қилдилар. Бугунги кунда 100 миллион америкаликлар TikTokга ўйин-кулги, илҳом ва боғланиш учун мурожаат қилишади; сон-саноқсиз ижодкорлар ўзларининг ижодларини ифода этиш, кенг оммага уларни етказиш ва даромад олиш учун платформамизга суянадилар; АҚШдаги 1500 дан ортиқ ходимларимиз ҳар куни ушбу платформани қуришга чин юракдан ўз хиссалприни қўшадилар», — дейилади муражаатномада.

Компания мамлакат бўйлаб яна 10 минг атрофида янги иш жойларини ташкил этилишини режалаштирганини маълум қилган.

Хитой компаниясининг таъкидлашича, Трамп маъмурияти Америка томонининг даъволарини эълон қилганидан кейин TikTok эгалари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли чораларни эътиборсиз қолдирмоқда.

Компания АҚШдаги фойдаланувчиларининг шахсий маълумоти ва хавфсизлигини таъминлаш учун тезкор чоралар кўрилганини, шу жумладан, TikTokнинг бундай маълумотларни (шахсий маълумот) Хитойдан ташқарида (АҚШ ва Сингапурда) сақлаш ва TikTokнинг АҚШдаги маълумотларини бошқа ByteDance маҳсулотларининг маълумотларидан алоҳида сақлашни таъминлайдиган дастурий тўсиқлар ўрнатилаётганлигини маълум қилди.

Олдинроқ, Трамп TikTok 15 сентябргача «Microsoft ёки бошқа жуда америкалик компания» томонидан сотиб олинса, унинг фаолият кўрсатишига розилик беришини таъкидлаган эди. Бироқ, келишувга кўра, АҚШ Ғазнаси ҳам ҳисобга олиниши, унга «кўп пул туширилиши» керак дейилди. Агар муддатидан олдин келишувга эришилмаса, у ҳолда TikTok мамлакатда тақиқланади.

Июль ойининг бошида Ҳиндистоннинг электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқилган 59 та мобил иловаларини, шу жумладан, TikTok иловасини ҳам тақиқлаб қўйди.