Россия истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон фаровонлигини ҳимоя қилиш соҳасини назорат қилиш бўйича федерал хизматининг (Роспотребнадзор) етти нафар мутахассисдан иборат гуруҳи COVID-19 тарқалишига қарши курашишда ёрдамлашиш учун Ўзбекистонга келди, дея хабар берди ЎзА.

Гуруҳ таркибидан эпидемиолог, вирусолог ва инфекционистлар жой олган бўлиб, улар Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида 5 сентябрга қадар фаолият олиб борадилар.

Роспотребнадзор ходимлари Тошкентдан ташқари Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларига ҳам ташриф буюрадилар. Улар онлайн маслаҳатлар ўтказиб, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашда Россиянинг муваффақиятли тажрибаларини жорий этиш имкониятларини ўрганади.

Аввалроқ Россия Ўзбекистонга 40 нафар тиббиёт ходимини жўнатган эди. Улар орасида реаниматолог, пульмонолог, инфекционист, кардиолог ва эндокринологлар бор. Бир ой давомида улар Тошкент ва Ўзбекистоннинг олтита ҳудудидаги шифохоналарда иш олиб борадилар.