Тошкентнинг Сергели туманига Шукуров Элбек Ҳабибуллаевич ҳоким этиб тайинланди, дея хабар қилди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Элбек Шукуров (1988 йилда туғилган) Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган (2009). Меҳнат фаолиятини 2005 йилда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатида бошлаган, бир неча йил турли лавозимларда, шу жумладан, Тошкент шаҳар кенгаши раиси сифатида ишлаган.

У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари бўлган. 2017 йил июлдан 2018 йил августгача Ёшлар иттифоқининг Тошкент кенгашини бошқарган, пойтахт ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган.

2018−2020 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 2020 йилдан ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Сергели туманининг аввалги ҳокими Бахтиёр Абдувоҳидович Шомуродов август ойи бошида эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган эди. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мурод Турғунович Исабоевга вақтинчалик Сергели тумани ҳокими вазифасини бажариш юклатилди.