Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Баҳром Алматов сешанба куни бўлиб ўтгна брифингда ўқув йили бошида мактабларда қандай санитария талаб ва қоидаларини жорий этиш таклиф этилаётганини маълум қилди.

У мактабларни ўқув йилига тайёргарлик жараёнида дезинфекциялаб, ҳар бир синф хонасини шамоллатиш имкониятларини яратиш, мактабга кириш жойида ва синф хоналарининг ичида қўлларни зарарсизлантириш учун антисептик воситалар учун дозатор санитайзерлар билан таъминлаб, етарли даражада антисептик моддалар захираси шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, мактабларда профилактик-дезинфекция тадбирларини амалга ошириш учун жойлардаги хўжалик ҳисобидаги дезинфекция станциялари билан йиллик шартномалар имзоланиши керак.

Баҳром Алматов ўқитувчилар билан тайёргарлик ишларини олиб бориш ҳамда уларга коронавирус тарқалиши йўллари ва уларни бартараф этиш чораларини тушунтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, санитария талаблари доирасида ўқувчилар ниқобларини уч соатдан кўп бўлмаган вақт давомида тақиб юришлари ва уларни мунтазам равишда алмаштиришлари керак. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги машғулотларни 2−3 сменада ташкил қилиш, дарсларни бошлашдан олдин хоналарни ва коридорларни дезинфекциялашни тавсия қилмоқда.

Баҳром Алматов мактабларда машғулотлар давомийлигини 45 дақиқадан 30 дақиқагача қисқартириш таклиф қилинаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, дарс жадвалларини ишлаб чиқишда ўқув жараёнини эрталабки 8:00 дан 15:30 гача этиб белгилаш тавсия қилинмоқда.

Шу билан бирга, бир ўқувчи битта синф тартибини жорий этиш таклифи илгари сурилмоқда. Яъни ўқувчилар танаффус вақтида бир синфдан бошқасига кўчиб юрмайди.

«Албатта, болалар. Бу — мактаб, кўпчилик. Қолаверса, узоқ карантин ҳамда ёзги таътилдан кейин болалар зериккан бўлиши мумкин. Уларни бошқаришда озгина муаммолар юзага келиши мумкин. Лекин биз болалар билан кўпроқ ишлаб, уларга кўпроқ маълумотлар бериб, уларни тўғри тарбиялаб, бу жараёнда ота-оналарни ҳам ёрдамга чақириб қоламиз», — деди агентлик директор ўринбосари.

Баҳром Алматов коронавирус пандемияси вақтида мактабларга қандай тақиқлар жорий этилиши мумкинлигини айтиб ўтди.

«Пандемия даврида оммавий тадбирлар, йиғилишлар, концертлар ва мусобақалар ёки бошқаларни ўтказиш мумкин эмас. Пандемия даврида ошхоналар, буфетлар ишламайди. Ундан ташқари, мана, қишлоқ жойларида кўп кўрамиз, аҳоли томонидан ёки тадбиркорлар томонидан тайёрланган овқат маҳсулотларини олиб келиб, болаларга сотиш ҳолатларининг олдини олишимиз керак», — деди у.

Агентлик раҳбари ўринбосари агар битта синфда бир вақтнинг ўзида 3 нафар ўқувчида вирус аниқланса, фақат ўша синф карантинга олинишини маълум қилди. Мазкур синф онлайн ўқишга ўтказилади.