31 май куни Сўх туманида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида «Чашма» булоғидан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо бўйича 6 кишига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Расмий баёнотда қайд этилишича, 31 май куни Сўх тумани, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Баткен области, Кадамжай райони, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Чашма» булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.

Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳодимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.

Мазкур ҳолат бўйича 1 июнь куни Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди.

Таъкидланишича, тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Тергов ҳаракатлари давом этмоқда». — дейилади Бош прокуратуранинг баёнотида.

Бундан ташқари, 11 август куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ёпиқ мажлиси бўлиб ўтганди. «Озодлик» радиоси томонидан ошкор қилинган суд қарорига кўра (қарорнинг ҳақиқийлиги «Газета.uz» манбаси томонидан тасдиқланган), айбланувчилар орасида 23-ёшли Давлатжон Маллаев ҳам бор (илгари судланмаган), у 10 август куни соат 21:05 да ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Дастлабки тергов маълумотларига кўра, Чашма булоғи билан боғлиқ можарода чегара ҳудудларининг 1000 аҳолиси иштирок этган.


Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни тошбўрондан қалқон билан ҳимоя қилишмоқда. «Настоящее время»нинг видеосидан кадр.

Суд ажримида таъкидланишича, айбланувчи «ушбу оммавий тартибсизликда фаол иштирок этиб, турли ашёлар билан қуролланиб, оммавий тартибсизликларни олдини олмоқчи бўлган, Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб бориб, ўз хизмат вазифаларини бажараётган Фарғона вилоят ҳокими Ш.Ғаниев бошчилишидаги ҳукуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, уларнинг ўз вазифаларини бажаришдан воз кечишга уриниб, зўрлик ишлатиб, уларга ва хизмат машиналарига тош отиб, турли даражада шикаст етказган».

11 август куни Д.Маллаев ЖК 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади), 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланувчи тариқасида жалб қилинган.

Ўзбекистон Олий суди «Газета.uz»га Фарғона шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича суд қарорига изоҳ беришдан бош тортди. Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам вазиятга изоҳ бермади.

Судя Жамшид Хўжабердиевнинг"Газета.uz»га маълум қилишича, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш Жиноят-процессуал кодексининг 243-моддасига мувофиқ ёпиқ мажлисларда (фақат томонлар иштирок этади).

Эслатиб ўтамиз, 1 июнь куни юз берган низони бартараф этиш ва Қирғизистон томони билан можарони муҳокама қилиш учун эксклав ҳудудига Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов етиб бориб, маҳаллий аҳоли билан учрашган эди.

Шундан сўнг вазирликлар ва вилоят бошқармалар раҳбарлари Сўх туманида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди. Ушбу дастурни амалга ошириш учун 1 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиши режалаштирилиши ҳақида хабар берилди.