8 ёшли қизалоқ электр токи уриши оқибатида вафот этганидан сўнг Шайхонтоҳур тумани прокуратураси туман электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Аниқланишича, Шайхонтоҳур тумани электр тармоқлари корхонаси ходимларининг бепарволиги туфайли Шайхонтоҳур тумани, Оқтепа мавзеси, 15-уй олдидаги электр кабели иссиқ сув қувурига илиб кўйилган бўлган. Оқибатда электр кучланиши юзага келган. 20 август куни 2012 йилда туғилган вояга етмаган қизалоқ ушбу қувурининг темир устунини ушлаши оқибатида ток уриб, вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 22 август куни Шайхонтоҳур тумани электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

«Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Блогер Шухрат Мусаев билан бўлган суҳбатда уй эгалари йиллар давомида электр узатиш линиясининг нотўғри лойиҳалаштирилгани бўйича ҳокимият ва Шайхонтоҳур тумани электр тармоқлари корхонасига бир неча бор мурожаат қилишганини таъкидлашган. Шу ерда яшовчи фуқаролардан бирининг сўзларига кўра, у ёмғирли об-ҳавода дарахтга осилган электр симига тегиб кетганда уни электр токи урган. Шундан сўнг, ушбу электр кабели иссиқ сув қувури илиниб қўйилган.

Шунингдек, аҳоли «ётоқхона» ҳисобланувчи 30 хонадонли икки қаватли бино бир неча йиллардан бери авария ҳолатида қолаётгани, унда битта ҳаммом ва ошхонага борлиги, аммо расмийлар ҳеч қандай чора кўрмаётганидан шикоят қилган.

Маҳалла раиси Хожиакбар Мансуровнинг таъкидлашича, 15-сонли уй 2018 йилда сносга тушган ва шу сабабли бино таъмирланмаган. Унга кўра, аҳоли аллақачон кадастр ҳужжатларининг нусхаларини хитойлик инвесторга топширган. Бироқ, ишлаб чиқарувчи мутахассислар карантин чекловлари туфайли мамлакатга кела олмаган.