АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга умумий қиймати 2,5 млн долларга тенг 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш мосламасини юборди, дея хабар берди «Дунё» АА.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламаси президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан июнь ойида эълон қилинган инсонпарварлик ёрдамининг бир қисми сифатида тақдим қилинмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларини қўллаб-қувватлаш учун тақдим этилган тиббий жиҳозлар мамлакатнинг Вашингтондаги элчихона томонидан Оқ уй маъмурияти, АҚШ Давлат департаменти ва Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари билан ўтказилган қатор маслаҳатлашувлар натижасида Ўзбекистонга етказиб берилди.

Маълум бўлишича, инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилган асбоб-ускуналар тиббий технология ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича 40 йилдан ортиқ тажрибага эга Американинг Zoll Medical Corporation компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

Қайд этилишича, ушбу мосламалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатнинг барча минтақаларидаги 62 та тиббиёт муассасаси ўртасида тақсимланади.