Андижон ва Хоразмда фуқароларни 4 минг АҚШ долларига олий таълим муассасаларига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар ушланди, дея маълум қилди «Газета.uz»га Бош прокуратура.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилоят бошқармалари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон давлат университети ўқитувчиси А.Х. олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари бошланганидан фойдаланиб, фирибгарлик йўли билан даромад орттириб қолиш мақсадида фуқаро О.А.нинг ишончига кириб, уни ушбу университетнинг Факультетлараро жисмоний маданият ва спорт йўналишига юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиши эвазига 4000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Худди шундай, Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш. К. фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида фуқаролар Д.С. ва З.А.ларнинг ишончига кириб, уларни Урганч Давлат университетининг Жисмоний тарбия ва тасвирий санъат йўналишига ўқишга киритиб қўйиши эвазига мазкур университетнинг 3-босқич талабаси М.А. орқали 4000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.