Тошкент ИИББ ижтимоий тармоқларда Юнусобод туманида ички ишлар ходими йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

24 август куни тахминан соат 01.10 да Юнусота кўчасида Cobalt ҳайдовчиси 31 ёшли Тохирхўжа А. пиёдаларнинг тартибга солинмаган ўтиш жойидан онаси билан ўтаётган ёш болани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида 2 ёшли Т.Ч. бадан шикастлари билан шифохонага етказилди.

ЙТҲнинг тахминий сабаби: тиббий экспертиза хулосасига кўра ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсири остида бўлган ва пиёдаларни кўрмай қолган, дея қайд этди ИИББ.

Хабарда келтирилишича, Тохирхўжа А. Тошкент шаҳар ИИББ собиқ ходими, шаҳодатлаш комиссиясидан ўтмагач, раҳбариятнинг буйруғи асосида жорий йилнинг 20 август куни ички ишлар органларидан бўшатилган.

Мазкур факт асосида Юнусобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси 1 қисми («Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.