20 август куни Тошкентнинг Яккасарой тумани Шота Руставелли кўчасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир киши ҳаётдан кўз юмди, икки киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилди.

Соат 23:00 ларда ҳайдовчи Ш. А. (18 ёш) Lacetti русумли транспорт воситасида маст ҳолда ҳаракатланаётиб, рул бошқарувини йўқотган ва йўлни ажратувчи бўлагида ёритиш чироқлари ўрнатилган темир симёғочга урилган.

Фото: ЙҲХББ

Натижада, ушбу автомобиль йўловчиси 19 ёшли И.Ш. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Автомобиль ҳайдовчиси 18 ёшли Ш. А. ва йўловчиси 19 ёшли Қ.К. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида жорий йилнинг 7 ойида 12 мингдан зиёд ҳайдовчининг транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани аниқланганини маълум қилган эди.

Аввалроқ эса Тошкент, Қорақалпоғистон ва Самарқандда маст ҳайдовчилар иштирокида ўлим билан якунланган ЙТҲлар содир бўлган эди.