22 август куни кечқурун Германиядан тиббиёт мутахассисларидан иборат 10 кишилик гуруҳ коронавирусга қарши курашишда ёрдамлашиш ва тажриба алмашиш учун Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Роберт Кох институти Халқаро соғлиқни сақлаш маркази директори ўринбосари, Халқаро соғлиқни сақлаш ахборот маркази раҳбари, доктор Андреас Янсен раҳбарлигидаги гуруҳ Роберт Кох институтининг етакчи эксперт ва мутахассислари, шунингдек, Франкфурт-Майн ва Дюссельдорф университетлари клиникаларининг юқори малакали врачлари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси вакилларидан ташкил топган.

Германиялик мутахассислар ташриф давомида Республика коронавирусга қарши кураш штаби масъуллари билан биргаликда мамлакатдаги COVID-19 га қарши кураш ҳолатини таҳлил қилиб, тегишли тавсиялар тақдим этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, улар Вируслогия илмий текшириш институти клиникасида, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси, шунингдек, қатор вилоятлардаги ушбу соҳага ихтисослашган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, корновирусни аниқлаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда маҳаллий ҳамкасбларига амалий кўмак беришлари режалаштирилган.