Қашқадарё вилоятида «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжмандларга мўлжалланган маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар берди вилоят маъмурияти матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида айрим туманларда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам пулларини тарқатишда сохтакорликларга кўпинча маҳалла қўмиталари ходимлари томонидан йўл қўйилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ушбу масала билан вилоят прокуратураси шуғулланмоқда.

Ҳоким Қашқадарё вилоятида Қурбон ҳайити байрами арафасида 20 минг оилага (84335 киши) 1 млн сўмдан ажратилгани, шунингдек, 750 та оилага тадбиркорлар ҳисобидан чорва, парранда ва қуёнлар олиб берилганини эслатиб ўтди.

Муборак туманида пул тарқатилиши. Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги.

Бироқ айрим туманларда, дея қайд этди Зойир Мирзаев, иш зарур даражада ташкил этилмаган. «Ҳеч кимга сир эмаски, буларнинг бошида маҳаллаларнинг айрим мансабдор шасхлари туришган», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди матбуот хизмати.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, халқ қабулхоналари ва колл-марказларга энг кўп мурожаат Деҳқонобод тумани ва Қарши шаҳри аҳолисидан келиб тушган — 46 тадан. Зойир Мирзаев «бугунги синовли кунларда бу каби нохуш ҳолатларни амалга оширишнинг ўзи катта хиёнат, катта жиноят экани»ни таъкидлаб ўтди.

Қашқадарё вилоят прокуратураси ўрганишларида баъзи масъуллар эҳтиёжманд оилалар рўйхатида келтирилган шахслар телефон рақамлари ёзиладиган жойга ўз рақамларини киритиб қўйган.

«Прокуратура вакиллари қўнғироқ қилганида ҳам „ҳа, мен ўша одамман, олдим пулни“ қабилида жавоб берган», — дея маълум қилди вилоят маъмурияти.

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Бекобод туманида маҳалла раиси ўз маҳалласида яшамайдиган ва моддий ёрдамга муҳтож бўлмаган фуқароларга нафақа кўринишида 31,6 млн сўм ажратиш учун ҳужжатларни сохталаштиргани хабар қилинган эди.

Тошкентнинг Чилонзор туманида эса маҳалла ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдорлари 26 фуқарони ишга жойлаштириш тўғрисидаги ҳужжатларни сохталаштириб, бюджетдан 36 млн сўм ўзлаштирган эди.

«Газета.uz» муаллифи Дилмурод Юсупов яқинда ижтимоий соҳа сифатини қандай қилиб яхшилаш ва субъектив ёндашув ҳамда коррупцион омилларни йўқотиш йўллари тўғрисида мақола ёзган эди.