БМТнинг статистик маълумотларига кўра, бугунги кунда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 12 фоизи, яъни 2 млн дан ортиқ фуқаро хорижда ишламоқда. Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев гапириб ўтди.

Халқаро пресс-клубнинг «Меҳнат миграцияси: хавфсиз, тартибли ва қонуний» мавзусида ташкил қилинган навбатдаги сессиясида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳақида маълумотлар маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, Россияда — 1,5 млн, Қозоғистонда — 240 минг, Кореяда — 71 минг, Туркияда — 43 минг, БААда 5 минг ва дунёнинг бошқа давлатларида 120 минг ўзбекистонлик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.

Меҳнат мигрантлари вилоятлар ҳиссасидаги кўрсаткичлари қуйидагича:

  • Самарқанддан — 268 минг;
  • Фарғонадан — 247 минг;
  • Қашқадарёдан — 178 минг;
  • Сурхондарёдан — 164 минг;
  • Хоразмдан — 140 минг;
  • Андижондан — 132 минг;
  • Тошкент вилоятидан — 102 минг;
  • Тошкент шаҳридан — 90 минг;
  • Бухородан — 88 минг;
  • Жиззахдан — 88 минг;
  • Намангандан — 69 минг;
  • Қорақалпоғистондан — 66 минг;
  • Сирдарёдан — 57 минг;
  • Навоийдан 25 минг киши хорижда ишлайди.

Шунингдек, пресс-клуб сессиясида, Ўзбекистонда аҳоли сони 1991 йилдан бери 20 млн дан 34 млн гача ошгани айтиб ўтилди. 2019 йилда Ўзбекистонда 815 минг одам туғилган бўлса, 388500 та иш ўрни яратилган. Ҳар йили меҳнат бозорига 700 мингдан ортиқ одам кириб келади.

«Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон ҳукумати бир кунда тахминан 2000 иш ўрни яратиши керак. Лекин буни нафақат Россия, на Ҳиндистон, на АҚШ ҳукумати амалга ошириши имконсиз. Бу ҳафтасига 14 минг иш ўрни дегани», — дейди Шерзод Қудратхўжаев.