Ҳисоб палатаси томонидан Мактабгача таълими вазирлиги тизимидаги ташкилотларни 2018−2019 йиллардаги бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда 2020 йилги харажатларини мақбуллаштириш имкониятлари юзасидан ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар қилинди.

Вазирликнинг Ички аудит ва молиявий назорат хизмати билан ҳамкорликда олиб борилган ўрганишлар натижасида мазкур тизим ташкилотлари томонидан жами 48,3 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Жумладан, тизимда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ойлик иш ҳақиси учун ажратилган маблағларнинг 7,2 млрд сўми қуйи бўғинлардаги айрим мансабдорлар томонидан йўл қўйилган ноқонуний ўзлаштириш, ортиқча тўловлар ва ўғирлик натижасида талон-тарож қилинган.

Сохта таомномалар тузиб, ҳақиқатда сарфланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини харажатга чиқариш ва камомадларга йўл қўйиш орқали 3,6 млрд сўмлик маблағ ноқонуний ўзлаштирилган.

Сарёғ сифатида 2,2 млрд сўмлик истеъмолга яроқсиз «СПРЕД» (ўсимлик мойи ва сут ёғининг аралашмаси) ва ёғлилик даражаси меъёрдан паст бўлган «сариёғ» маҳсулотлари, 10,1 млрд сўмлик ветеринария назоратидан ўтказилмаган 309,4 тонна гўшт маҳсулотлари харид қилиниб, тарбияланувчиларни овқатланиши учун сарфланган.

Тарбияланувчилар сонини яшириш, ота-оналар тўловларини кассага кирим қилмаслик орқали 497,7 млн.сўм маблағлар ноқонуний ўзлаштирилган.

Харидларнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиб, «Давлат харидлари тўғрисида"ги қонун талабларига зид равишда 253 та ҳолатда 11,3 млрд.сўмлик шартномалар тузилган.

Бундан ташқари, харид қоидаларини бузган ҳолда қиммат нархларда ҳамда стандартга жавоб бермайдиган 8,8 млрд.сўмлик товар-моддий бойликлар харид қилинган.

Тизимда амалга оширилган ўрганиш натижаси бўйича аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва уларни келгусида такрорламаслик юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан 26 та йўналиш бўйича 75 та таклифлар ишлаб чиқилди, тизим ташкилотларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Ушбу таклифлар асосида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда йўл харитаси ишлаб чиқилиши белгиланди.

Амалдаги 16 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш, молиявий ва услубий йўналишларни ўзида мужассамлайдиган ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди.