18 август куни соат 15:00 ларда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида «ЗИЛ-ММЗ-554» русумли юк автомашинаси ва Cobalt иштирокида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса «Бахрин» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1114-километрида содир бўлди. Ҳайдовчи (1999 й.т.) Д.А. «ЗИЛ-ММЗ-554» русумли юк автомашинасини бошқариб кетаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш жойида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва рўпарадан келаётган ҳайдовчи (1988 й.т.) А.Ж. бошқарувидаги Cobalt билан тўқнашув содир этган.


Натижада, Cobalt ҳайдовчиси ва йўловчиси 49 ёшли А.Ш. тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этишган. Йўловчилар 13 ёшли Н.Т. ва 5 ёшли И.Б. эса тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этишган.

Шунингдек, ушбу автомобиль йўловчилари 45 ёшли Л.М., 29 ёшли М.Х. ва 3 ёшли А.Б. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.

ЙТҲ юз берган жойда 1.12.2 — «Хавфли бурилишлар» огоҳлантирувчи йўл белгиси ўрнатилган. «ЗИЛ-ММЗ-554» юк автомашинаси ҳайдовчиси Д.А. йил давомида икки маротаба йўл белгиларига амал қилмасдан қоидабузарлик содир этган. Учинчи қоидабузарлик аянчли ЙТҲ билан якун топди.

Мазкур ЙТҲ юзасидан 18 август куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сал аввал худди шу туманда «Москвич» ҳайдовчиси йўлни велосипедда кесиб ўтаётган беш ёшли болани уриб юборгани ва бола шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.