Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматинингмаълумотига кўра, шаҳар кўчаларини исириқ тутатиб, «дезинфекция» қилинган видеода «Тоза ҳудуд» корхонаси ходимлари томонидан қилинган ҳазил акс эттирилган.

18 август куни ижтимоий тармоқларда «Қўқон шаҳри кўчаларида исириқ билан дезинфекция қилинмоқда» сарлавҳаси остида видеолар тарқалди. Унда корхона эмблемаси туширилган юк машинасида кетаётган сабзиранг жилетдаги эркаклар шаҳар кўчаларини исириқ билан «дезинфекция» қилаётганлиги акс эттирилган.

Қўқон шаҳар «Тоза ҳудуд» ДУК томонидан берилган маълумотга кўра, корхона ҳодимлари шаҳар ва шаҳар атрофидаги маиший чиқиндиларни йиғиб олишлари давомида маиший чиқиндилар билан бирга олинган чўғланган исириқ қолдиқларини ўчириш мақсадида автомашина ҳаракатланаётганда бир-бирига ҳазил қилиб, ўйнашиб, ўзларини кўрсатиш учун исириқ тўлиқ ёниб тугагунча йўл-йўлакай тутатиб кетишган.

«Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари шаҳарда олиб борилаётган коронавирусга қарши дезинфекция ишлари билан боғлиқ эмас. Қўқон шаҳар ҳокимлиги ёки бошқа мутасаддилар томонидан мазкур ҳолат бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаган», — дейилади хабарда.