Коронавирус пандемияси мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тезлаштиришни тақозо қилмоқда. Бугунги кунга келиб, карантин чоралари туфайли вужудга келган иқтисодий муаммоларни енгиб, олдинга ҳаракат қилиш лозим.

Биз ислоҳотлар ҳақида 1991 йилдан буён гапириб келамиз (ундан аввал қайта қуриш ислоҳоти бўлган). Улар ҳар доим «кенг миқёсли» ва «кўп соҳани қамровчи» деб таърифланган. Бу эса, баҳоларнинг баландпарвозлигига аҳамият бермасак, ҳаётимизнинг барча соҳаларидаги кўплаб, катта ёки кичик, чора-тадбирларни англатади. Бироқ тизимли ёндашувга кўра, тизимнинг иерархик тузилиши туфайли ўзгаришлар бир вақтнинг ўзида ва бир хил интенсивликда содир бўлмайди. Бу ерда қандай вазифа энг устувор, энг асосийси эканлигини аниқлаш муҳим.

Келажагимиз хавфсизлигининг калити инновацион иқтисодиёт эканлиги барчага маълум. Мен илгари ҳам билимга асосланган инновацион иқтисодиётнинг ўзига хос хусусияти, унинг нисбатан қисқа давр ичида катта ўзгаришларга эришиб, самарали ва рақобатбардош иқтисодиётни яратиши мумкинлиги ҳақида сўз юритганман. Бу эса «қувиб юрувчи» иқтисодиётлар қаторидан илғор иқтисодиётга ўтишни англатади. Инновациялар ва динамик инновацион иқтисодиётнинг асосий драйвери эса сифатли таълим олган, яратувчан ва муваффақиятга интилувчи инсон капитали ҳисобланади. Бунинг учун мамлакатда сифатли таълим тизими ва кучли илм-фан мактаби бўлиши лозим.

2018 йилда Президентнинг «2019−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» фармони қабул қилинди. Унда мураккаб ва узоқ кўзланган мақсад қўйилган: 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистонни дунёнинг 50 та энг илғор мамлакати қаторига киритишга эришиш.

Стратегиянинг асосий мақсади — «мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш"дир.

Мамлакатнинг инновацион ривожланишида инсон капиталининг аҳамияти ҳақида матнда аниқ ёзилган бўлсада, амалиётда баъзида бунинг тескариси бўлиб турибди: инновацион иқтисодиёт деганда кўпчилик, жумладан, давлат амалдорлари ҳали-ҳануз ишлаб чиқариш технологияларини тушунадилар.

Бундай қўпол хато стратегияда белгиланган асосий тушунчанинг эътибордан четда қолишига олиб келади. Асосий ғоя эса «барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш, илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш»ни ўз ичига олади.

Педагогик таълимнинг аҳамияти

Илм-фан ва таълим — айнан шулар мамлакатнинг рақобатбардошлиги, унинг инновацион ривожланишини таъминловчи инсон капиталини яратиши лозим. Бизнинг келажагимиз ҳам шунга боғлиқ.

Шуниси аниқки, инновацион ривожланишнинг драйверлари бўлишга қодир мутахассислар пайдо бўлиши учун, ҳеч бўлмаганда, халқаро талабларга жавоб берувчи университет таълими бўлиши лозим. Бунга эришишимизга эса ҳали кўп қовун пишиғи бор.

Фараз қилайлик, биз шундай олий таълим тизимини яратдик. Бироқ янги муаммога дуч келамиз: мактаб битирувчиларининг кўпи у ерларда таҳсил ололмайдилар. Сабаби эса мактаблар таълимининг сифатидир.

Бироқ болалар мактабга ҳам ўз-ўзидан келиб қолмайди. Мактабгача таълим вазирлиги болаларни мактабга тайёрлаш жараёнида уларга замонавий билимларни ўргатиши ва таҳлилий фикрлашга тайёрлаши лозим. Президентимиз айтганидек, «агар биз 10 йил давомида мактабгача таълим-мактаб-олий таълим муассасаси тизимида ишласак, жамиятимизда кўзлари чақнаб, келажакка ишонч билан боқувчи ва ҳеч кимдан қўрқмайдиган инсонлар пайдо бўлади».

Айнан шу инсонлар мамлакатимизни илғор мамлакатлар қаторига киритишга қодир ёшлардир.

Агар мактабгача таълим, ўрта, олий ва ундан кейинги таълимни ислоҳ қилмас эканмиз, ривожланган инновацион иқтисод ҳам бўлмайди. Муҳими шуки, секин қадамлар билан ўзгаришларга эришиб бўлмайди. «Секин юрсанг, узоққа борасан» мақоли бу ҳолатда амал қилмайди.

Айнан шу сабабдан педагогик таълим тизимидаги ислоҳотлар жуда муҳим ҳисобланади. Вақт буни бизга аллақачон исботлаган. 2017 йилда мавжуд педагогика университетларига қўшимча сифатида 15 та ОТМда педагогик мутахассислик бўйича қўшимча сиртқи бўлимлар очилди. Жорий йилдан яна беш ҳудудда ҳам янги педагогик институтлар очилмоқда. 2018−2019 йилларда халқ таълими соҳасида бир қатор муҳим ҳужжатлар, авваламбор, 2030 йилгача халқ таълими тизимини ривожлантириш Концепцияси қабул қилинган.

Педагогик таълимни ислоҳ қилиш нега шу қадар муҳим? Ўқитувчи шахси ҳар қандай таълим тизимида марказий бўғин ҳисобланади. У асосий роль ўйновчи шахсдир: ўқитувчи қандай бўлса, ўқувчилар ҳам (уларнинг билим, кўникмалари, қабул қилишлари) шундай бўлади. Демак, давлат иқтисодиёти ҳам шунга қараб шаклланади. Улардан қай бири ОТМга кириши ёки жамиятимизда бир неча йилдан кейин келажакка ишонч билан боқувчи юқори маълумотли ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган авлод пайдо бўлиши ҳам айнан уларга боғлиқдир.

Ҳеч ким ўқитувчининг мактабдаги роли ҳақида эътироз билдирмайди гўё. Бироқ буни тан олишнинг ўзи етарли эмас. Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача халқ таълими тизимини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонида концепциянинг асосий мақсади сифатида «умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари»ни аниқлаш белгиланган.

Эътиборлиси шуки, бу тизимли ислоҳотдир. Сўнгги пайтларда бу тушунча урфга кирмоқда. Ҳамма тизимни ўзгартириш керак деб бонг уради, бироқ бунинг замирида нима борлигини ҳеч ким тушунтириб бера олмайди. Тизимли ислоҳот, тизимли ёндашув, тизимли таҳлил тушунчаларини ҳар қандай илмий ёки публисистик мақолада, диссертацияларда учратиш мумкин, аслида эса муаллифлар у ҳақида аниқ тушунчага эга бўлмай, уни комплекс ёндашув билан адаштирадилар.

Тизимли ёндашув қандайдир тушунчага тизим (бизнинг мисолда — таълим тизими), яъни ўзаро тартиб ва боғлиқликлар бир бутунликни ҳосил қилувчи элементлар жамланмаси сифатида қарашни назарда тутади. Мураккаб тизимларда бу элементлар биринчи даражадаги кичик тизимни, улар эса, ўз навбатида, иккинчи даражали кичик тизимни ҳосил қилади ва ҳоказо. Элементлар, кичик тизимлар, улар орасидаги нисбат ва алоқалар мураккаб иерархияни ҳосил қилади.

Динамик тизимларда уларнинг ҳолати, элементлар миқдори, иерархияси улар орасидаги муносабатлар каби ҳаракатда бўлиб, ўзгариши мумкин ва бу таҳлил қилишни мураккаблаштиради. Таълим тизими эса, ҳар қандай ижтимоий воқелик каби динамик воқеликдир. Мақоланинг бошида таъкидланганидек, тизимли ёндашувда ядро, ҳал қилувчи бўғин, матрицани, бутун тизим ишлаши нимага боғлиқлиги ва охир-оқибат, унинг самарадорлигини аниқлаш жуда муҳимдир.

Бўлажак ўқитувчиларни тайёрлашда асосий вазифа — талаба ва ўқитувчилар ҳозирги боғча ва мактаб ёшидаги болалар улғайганида қандай дунёда яшашларини тушунишлари керак. Таълим соҳасида қандай стратегияларни илгари суришимиз ҳам шунга боғлиқ.

Бу ниҳоятда муҳим. Биз кимсасиз оролда ҳаёт кечириб, у ерда алоҳида мамлакат барпо қилаётганимиз йўқ. Тизимли ёндашувдан гап очган эканмиз, айтиш жоизки, ҳар қандай мамлакат муайян муҳитда мавжуд бўлади, муҳит ва тизим орасида (халқаро майдон, табиат) эса уларга таъсир қилувчи турли ўзаро жараёнлар юз беради.

Америкалик жамиятшунос, сиёсатчи ва файласуф, замонамизнинг ёрқин мутафаккирларидан бири, дунё-тизим назариясининг муаллифи Иммануил Валлерстайннинг таъкидлашича, кўплаб сиёсатчилар ўз мамлакатлари жаҳон тизимининг бир қисми эканлигини унутиб қўйиб, қўпол хатога йўл қўймоқдалар. Бу тизим қандай ривожланаётганини инобатга олмай, ишонч билан ушбу мамлакатларнинг ўтмиши ёки келажаги ҳақида бирор нима дейиш мумкин эмас.

Бугун биз SPOD-дунёдан (Steady — барқарор; Predictable — олдиндан айтиб бўладиган; Ordinary — оддий; Definite — аниқ) VUCA-дунёга (Volatility — ўзгарувчанлик; Uncertainty — ноаниқлик; Complexity — мураккаблик; Ambiguity — мужмаллик) ўтаётганимиз ҳақида кўп айтилмоқда. Бизни келажакдан туриб ўзига чорловчи дунё замонавий таълим олдига вазифалар қўяди ва унинг йўналишларини аниқлайди.

Кўпчилик мактаб болалари ва талабаларга умумий билимларни эмас (фундаментал фанлар соҳасидаги мутахассислар бошқа масала), балки янги дунёда қўлланилувчи билим, кўникма ва малака бериш лозим. Шунда бу билимлар ноаниқлик ва беқарорлик ҳукм сурган шароитда ҳам ташувчисининг мослашувчанлиги, ҳам молиявий сермаҳсуллик жиҳатидан самарали бўлади. Шунингдек, шу нуқтайи назардан, бизда нималар мавжудлиги ва нималар қилишимиз лозимлигига ҳам баҳо беришимиз лозим.

Таълимнинг шахсга йўналтирилган тизими

Одатда, мактаб математика, физика, тарих каби фанлардан умумий билимлар бериши лозим ҳисобланади. Бу ХVII-ХIХ асрларда вужудга келган таълимнинг билимга йўналтирилган шакли бўлиб, унинг асосида болаларга барча фанлардан умумий билимларни бериш ётади. Олий таълимда эса худди шу тизим тор соҳа мутахассисларини тайёрлашда қўлланилган.

Бу тизим ўзини оқлай олмади, ХХ асрда бунга икки омил сабаб бўлди: маълумотлар, ахборот базаси, илм-фандаги кашфиётлар ва ихтиролар ақл бовар қилмас даражада кўпайиб кетди, на мактаб, на университет бу ўзгаришларнинг изидан қувиб ета олди. Бир пайтнинг ўзида, жамиятдаги ўзгаришлар туфайли замонавий ёшлар ўзлаштираётган кўпчилик касблар яқин келажакда йўқ бўлиб кетмоқда.

Бутун ХХ аср ва ҳозирги аср биздан шахсга йўналтирилган таълимга ўтишни тақозо қилмоқда. Унинг асосида эса маънавий, мулоқот ва когнитив (яратувчан, танқидий, тизимли ва ностандарт фикрлаш, кенг дунёқараш, ҳиссий идрок, катта ва ўзгарувчан маълумотлар базаси билан ишлай олиш қобилияти ва ҳоказо) сифатлари доимий ўзгариб бораётган муҳитда шахснинг ривожланиши ётади.

Кўп ҳолларда фан тамойили эмас, балки фанлараро мезондан келиб чиққан ҳолда дарс берилади (STEAM, Liberal Arts), бу эса тор соҳа мутахассисларининг қўлидан келмайди. Бу йўналишда ҳам биз ривожланишимиз лозим.

Шу сабабдан педагогик олий таълим муассасаларида (мактаб битирувчиларининг сифати нуқтайи назаридан) кимлар ўқитилиши, ким ўқитиши, нималар, нима мақсадда ва қандай ўқитилиши — бизнинг келажагимиз, борингки, миллий хавфсизлигимиз масаласидир. Мен улар ҳақида олдин ҳам тўхталганман.

Педагогик таълимдаги янги тизимнинг хусусиятлари

Охир-оқибат, биз педагогик таълимнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги концепциясини ишлаб чиқишимиз лозим бўлади:

  • Янги дунёда келажак авлод мураббийлари сифатида таълимнинг шахсга йўналтирилган тизимида ўз мақсадини аниқ англовчи бўлажак ўқитувчиларни тайёрлашнинг янги тизими (юқорида айтиб ўтилганидек, бу ерда ўз фанини билиш кифоя қилмайди);
  • Янги вазифаларга мос равишда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг янги тизими;
  • Барча даражаларда кадрларни танлов асосида танлаш;
  • Замонавий педагогик технологиялар бўйича маълумотлар банкини яратиш, уларни ўзлаштириш ва жорий қилиш. Таълим вазирликлари, малака ошириш институтлари ва педагогика университетлари қошидаги мувофиқ илмий марказларда бундай технологияларни жорий қилишга ихтисослашган институтни яратиш;
  • «Илм-фан — таълим — амалиёт» олтин учбурчагини яратиш;
  • Педагогик олий таълим муассасалари, таълим вазирлиги бўлимлари, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар таркиби фаолиятини баҳолаш ва бошқаришнинг янги тизими;
  • Антикоррупцион механизм ва раҳбар ҳамда педагоглар масъулияти механизми;
  • Олий таълим муассасалари ва бошқа таълим муассасаларининг сезиларли автономияси (методик ваа молиявий жиҳатдан), мактабларга ижод ва педагогик методикаларни танлаш эркинлигини тақдим қилиш;
  • Қўллаб-қувватловчи тизим ва педагогик меҳнат тўловини ошириш ҳамда асоссиз тенглаштиришдан принципиал чекиниш;
  • Таълим муассасалари ва қўлланилувчи педагогик технология турларини ошириш ва рақобатни қўллаб-қувватлаш;
  • Таълим дастурлари майдонини кенгайтириш, танлов фанларининг мавжуд бўлиши ва факультетларнинг турли-туман бўлиши;
  • Илғор тажрибалар, жумладан, хориж тажрибасидан фойдаланиш;
  • Хориж ўқитувчилари ва методистларини фаол таклиф қилиш.

Таъкидлаш жоизки, 2030 йилгача халқ таълимини тизимини ривожлантириш Концепцияси етарлича батафсил ишлаб чиқилган бўлиб, кўплаб ғоя ва ёндашувларни, жумладан, юқорида айтиб ўтилганларни ўз ичига олади. Бироқ педагогик таълим масаласи алоҳида масаладир, шу туфайли педагогик университетлар ҳақида алоҳида қарор қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Муҳими, бизнинг шунчаки сифатли таълим тизими ёки янги педагогик технологиялар, янги кадрлар ва дарсликларга эмас, балки тўла келажакка қаратилган янги таълим тизимига эҳтиёжимиз бор.

Концепцияда назарда тутилган ҳар қандай ғоя ва янгилик бизга келажакда нима беришини аниқ англамоғимиз лозим. Бунинг учун эса ушбу келажак билан танишиш, унга борадиган йўлларни кўриш, бугунги куннинг асосий тамойилларини англаб етиш ва уларни янги таълим лойиҳасига киритиш лозим. Бугун келажакнинг янги таълим тизимини яратувчи мамлакатлар эртанги кунда дунё иқтисодиётининг етакчиларига айланадилар.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Валерий Хан — файласуф, тарихчи ва антрополог. Фалсафа фанлари номзоди (1986), доцент (1992). Ҳозирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти. Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги Стратегик ривожланишни режалаштириш маркази ректори ва директорининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, Янги тарих маркази бош мутахассиси сифатида фаолият олиб борган. Жанубий Кореянинг Хосо (1998−2000), Ханянг ва Сонкюнгван (2011) университетларида дарс берган. АҚШ ва Жанубий Кореянинг илғор универститетларида оммавий лекциялар билан чиқишлар қилган.

Мақола таржимаси Khan Academy Oʻzbek томонидан тақдим этилди.