Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳамда пойтахтимиз аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри «Машинасозлар метро бекати» — Бўстонлиқ «Юсуфхона қўрғони» йўналишида янги автобус қатнови йўлга қўйилди, дея хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур автобус йўналишининг масофаси бир томонга қарийб 83 км.ни ташкил этади. Автобуслар ушбу масофани 1 соату 35 дақиқада босиб ўтади. Ушбу йўналишга Тошкент вилояти Қибрай туманига қарашли «Тошкент вилояти шаҳарлараро йўловчи ташиш автосаройи» МЧЖ томонидан замонавий, барча қулайликларга эга бўлган YUTONG автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатилади.


Ҳаракатланиш жадвалига мувофиқ бир кунда 18 та қатнов амалга оширилади. Ҳар куни соат 6−00 да илк автобус «Машинасозлар метро бекати»дан йўналишга чиқади. Кун давомидаги охирги автобус қатнови «Юсуфхона қўрғони» дан соат 20−55 Тошкент шаҳри томон йўлга чиқади.

Ушбу йўналишда йўлкира ҳақи 10 минг сўм этиб белгиланган.

Мазкур йўналишдаги автобус қатнови Ўзбекистон бош вазири томонидан «Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тумандаги мавжуд муаммоларни бартараф этишни жадаллаштириш чоралари тўғрисида» ўтказилган йиғилишда Транспорт вазирлигига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди, дейилади хабарда.