Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Уйчи тумани амалдорлари карантин кучайган, тадбирлар тақиқланган бир даврда зиёфат уюштирганликлари ҳақида видео тарқалди.

Уйчи тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Муҳаммадали Қамбаровнинг «Газете.uz»га айтишича, тадбир 28 июнь куни ташкил этилган, 26 июндан 4 июлгача бўлган даврда Уйчи тумани «қизил» ҳудуд бўлган ва бу ерда карантин сабаб овқатланиш жойлари фаолияти ва одамлар йиғилиши тақиқланган.

«Видеода „Уйчи тумани ҳокими“ ибораси бир неча бор такрорланган бўлсада, аслида видеода унинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Мухторжон Бобожонов тасвирга олинган. Бундан ташқари, ташкилий масалалар бўйича бўлим бошлиғи Хусанбой Тўхтабоев, шунингдек, Давлат хизматлари маркази раҳбари Нодирбек Исомиддинов ҳам иштирок этишди. Маҳаллий созанда Мухторжон Турсунов доира чалмоқда, қолганлар эса уларнинг дўстлари эди», — деди матбуот котиби Daryo.uz га.

Ушбу ҳолат иш вақтида рўй бермаган бўлса-да, ҳокимият ҳоким ўринбосарининг хатти-ҳаракатларини касбий муомала ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид деб ҳисоблайди.

Туман ҳокимлиги вакилининг сўзларига кўра, Мухторжон Бобожонов мансабдор шахс сифатида карантин қоидаларини бузган, хато қилган ва туман ҳокимининг 12 августдаги буйруғи билан ҳайфсан олган.

Уйчи тумани ички ишлар бошқармаси Хусанбой Тўхтабоевнинг ҳаракатларини баҳолаш учун расмий текширув тайинлади.