Дунёнинг 85 мамлакатида миллий диеталар бўйича кўрсатмалар ва уларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга таъсири бўйича биринчи тадқиқот ўтказилган. Ушбу таҳлил Оксфорд, Гарвард, Тафтс ва Аделаида университетлари олимлари томонидан ўтказилган ва натижалар июль ойида БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури (ЮНEП) ҳомийлигида нашр этилган.

БМТ янгиликлар марказининг хабар беришича, ҳисоботда асосан дон маҳсулотлари, дуккакли экинлар, мева ва сабзавотлар каби ўсимликларга асосланган диетага ўтиш нафақат инсон саломатлиги, балки атроф-муҳит учун ҳам фойдали бўлади. Аммо ҳозирги кунга қадар, диетага оид миллий кўрсатмаларнинг аксарияти ушбу ёндашувга амал қилмайди.

«Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатади, шунинг учун агар ўсимликларга асосланган диетага ўтилмаса, ердан фойдаланишда, тоза сув олишда ва биогеокимёвий оқимларда (ўғитларни ишлатишда) чекловлар қўйилмаса хавф ошиб бораверади», — деб ҳисоблашади тадқиқотчилар.

Мутахассислар ҳукуматларга чорва маҳсулотларини, хусусан мол гўшти ва сут маҳсулотларини истеъмол қилишни чеклаш бўйича аниқ кўрсатмалар беришларини маслаҳат бермоқда.

«Кам мева ва сабзавотлардан иборат ва кўпроқ қизил ва қайта ишланган гўштдан иборат овқатланиш тартиби бутун дунёда, кўпгина минтақаларда инсон саломатлигига энг жиддий таҳдидлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, улар оғир иқтисодий оқибатларга олиб келади, чунки юрак-қон томир касалликлари, саратон ва 2-тоифа диабет каби носоғлом парҳезлар билан боғлиқ сурункали касалликлар қиммат жарроҳликларни талаб қилади», — дейилади ҳисоботда.

Бугунги кунда иссиқхона газлари чиқиндиларининг чорак қисми қишлоқ хўжалигига тўғри келар экан. Олимлар одамларнинг даромадининг ошиши, мол гўшти ва сут маҳсулотларига кўпроқ мойиллик келтириб чиқараётганидан жиддий хавотирда, бу каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш СО2 ва метан чиқиндиларини келтириб чиқаради.

ЮНEП вакили Никлас Хагельбергнинг таъкидлашича, иссиқхона газлари эмиссияси даражаси бизнинг ошпазлик хоҳиш-истакларимизга боғлиқ. Унинг фикрича, ҳукуматларнинг бу борадаги тавсиялари ва овқатланиш қоидаларининг ўзи етарли бўлмайди. У бугунги кунда «мамлакатнинг аграр сиёсатига мос келадиган аниқ ва изчил стратегия» зарурлигини таъкидлади.

ЮНEП бой мамлакатларда ҳайвонлар ва юқори даражада қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини кўп миқдорда истеъмол қилишни чеклашга ва камбағал мамлакатларда тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланишни яхшилашга чақирмоқда. Фақат шу йўл билан, улар ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириши ва бутун дунёда соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш мумкинлигига ишонишади.