Қашқадарё вилоятида тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари ва ҳамширалар Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра берилган рағбат пулини олишда ноҳақликларга йўл қўйилганини айтиб, вилоят ҳокимлиги биноси олдида тўпланди, деб ёзмоқда Daryo.uz. Бу ҳақда хабар берган нашр мухбири тиббиёт ходимларининг мазкур масала юзасидан норозилиги биринчи маротаба эмаслигини эслатиб ўтди.

«32 йилдан бери тез тиббий ёрдамда фельдшер бўлиб хизмат қиламан. Лекин рағбат пули беришмади», — дейди ҳокимлик биноси олдида тўпланган фуқаролардан бири Хушвақт Мардонов.

Шикоятчилар билан мулоқот қилган вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошевнинг вазиятни изоҳлашича, кўплаб тиббиёт ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги 458-сонли қарори билан танишиб чиқмаган, шу сабаб норозилик юзага келмоқда.

«Вазирлар Маҳкамасининг қарорида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашга жалб этилган тез тиббий ёрдам ходимлари — врачлар, ўрта тиббиёт ходимлари, яъни фельдшер ва санитарлар ҳамда ҳайдовчилар рағбатлантирилиши белгилаб берилган. Бизга мурожаат қилиб келаётганларнинг аксарияти эса диспетчер лавозимида ишлаб келаётганлар бўлиб, улар рағбатлантирилувчилар рўйхатида йўқ. Улар эса биз ҳам тиббиёт ходимимиз-ку, нега бизга берилмайди дея савол беришдан чарчашмаяпти», — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев.

Рустам Йўлдошевнинг қўшимча қилишича, вилоятда 247 та тез тиббий ёрдам бригадасининг шифокор, ҳамшира ва ҳайдовчиларига 20 миллиард сўмлик рағбат пул берилган. Қолган мурожаатчилар муаммоси ҳам вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида ўрганилади ва тез орада ечимини топади.

Шу билан бирга, Қарши туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимининг Навбаҳор филиали навбатчи ҳамширалари филиалда керагидан ортиқ ходим ишга олингани боис 220 минг сўм ойлик маошга ишлашаётганини, рағбат пулини ҳам етарлича олишмаганини маълум қилган.

«Бизнинг Навбаҳор филиалимизда 37 нафар навбатчи ҳамшира фаолият юритади. Ишчилар керагидан ортиқ ишга олингани сабаб атиги 220 минг сўм маошга ишлаймиз. Шунинг учун рағбат пулини ҳам етарли даражада олмадик», — дейди Дилрабо Жўраева.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги қарори билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашга жалб этилган тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ва тадбиркор Алишер Усмонов томонидан 100 миллиард сўм ажратилганди. Қарорга кўра, тез тиббий ёрдам врачлари — 5 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар) — 4 миллион сўм ва ҳайдовчилар — 3 миллион сўмдан бир марталик моддий рағбатлантирилган.