Қонунчилик палатасида мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси таклиф этилмоқда, дея хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

17 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг видеоконференц алоқа тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасига ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига таъқиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатларини чеклаш таклиф этилди. Шунингдек, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш ва шу кабиларни назарда тутувчи ўзгартиш киритиш кутилмоқда.

Шу билан бирга, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилганлиги айтилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий суд томонидан Президентнинг 2019 йил 13 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури 6-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.