17-август (душанба куни) Tesla Inc. акциялари 11 фоиз ўсишни кўрсатиб рекорд даражадаги поғонага кўтарилди. Бу хақда Bloomberg нашри маълумот берди.

Бу кўрсаткичлар Илон Маскнинг соф бойлигини 7,8 миллиард долларга оширганидан сўнг, тадбиркор дунёдаги энг бой одамлар орасида тўртинчи ўринга кўтарилди.

Бу йилнинг ўзида Tesla компаниянинг акциялари 339 фоизга ўсди. 2020 йилда Маскнинг бойлиги 57,2 млрд долларга ўсиб, умумий 84,8 млрдни ташкил этди.

Маскдан кўра фақат Жефф Безоснинг бойлиги кўпроқ ошган. Дунёнинг энг бой одами, Amazon компанияси асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги бу йил 73 млрд долларга ўсди ва умумий 188 млрд долларга етди.

Алоҳида айтиб ўтиш жоизки, Сovid-19 пандемияси кўпроқ одамларни интернетдан фойдаланишга жалб қилгани сабабли, техник акциялар сезиларли ўсишни намойиш этди. Бундай ўзгаришлар энг бой одамлар орасида учинчи ўринни эгаллаб турган Facebook асосчиси Марк Цукербергни сентимиллиордерлар (бойлиги 100 млрд кўп бўлган инсонлар) сафига қўшилишига сабаб бўлди.

Bloomberg Billionaires индексига кўра Microsoft асосчиси Билл Гейтс 121 млрд доллар бойлиги билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.