«Миллий гвардияга ишга киритиб қўяман» деб 27200 АҚШ долларини қўлга киритган фирибгар ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди, дея хабар берди Самақанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.

17 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, 2000 йилда туғилган, С.Б. ариза билан мурожаат қилиб, январь ойида Ургут туманида яшовчи таниши У.Ш. уни Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармасида юқори лавозимда ишловчи Л. исмли таниши орқали Миллий гвардия тизимига ишга жойлаштиришини айтиб, январь ойидан июль ойининг охирига қадар бўлиб-бўлиб жами 27200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб олиб, уни ишга киритмасдан, яна 300 АҚШ доллари беришини сўраб келаётганлигини маълум қилиб, У.Ш. ва Л. исмли шахсларга нисбатан қонуний чора кўришини сўраган.

Аризага асосан, 17 август куни соат 15:00 ларда Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими ва Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Ургут шаҳрида яшовчи У.Ш. (1998 й.т.) ариза муаллифи С.Б.дан 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Аниқланишича У.Ш. ҳеч қандай Л. исмли шахсни билмаслиги, С.Б.нинг пулини қўлга киритиш мақсадида ўзини овозини ўзгартириб, унга ўзини Л. деб таништириб, бошқа рақам орқали телефонда гаплашиб келган. С.Б.ни Миллий гвардия тизимига ишга киритаман деб, алдов йўли билан, 27200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжи учун ишлатган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг анча миқдордаги мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.