17 август куни соат 16:00 ларда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани «Ғур-Ғур» маҳалласи ҳудудида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилди.

М-41 «Термиз-Жарқўрғон» автомобиль йўлининг 1591-километрида ҳайдовчи 1990 й.т. У.А. Cobalt автомобилида қувиб ўтиш қоидаларини бузиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида қаршисидан келаётган С.Н. (1993 й.т.) бошқарувидаги Spark тўқнашув содир этган.


ЙТҲ натижасида, Spark ҳайдовчиси, ушбу автомобиль йўловчиси 30 ёшли М.Т. ҳамда Cobalt йўловчилари 31 ёшли С.Ш. ва 2 ойлик М.А. воқеа жойида вафот этишган. Шунингдек, Spark йўловчиси 26 ёшли Г. Х. ва Cobalt йўловчиси 5 яшар М.А. оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этишган.


Spark русумли автомобиль йўловчилари 30 ёшли Н.Х., 23 ёшли А.Э., Cobalt ҳайдовчиси У.А. ва ушбу автомобиль йўловчилари 1 ёшли А.У., 23 ёшли М.Р. ҳамда Р.И. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Жарқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.