Эндиликда жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони, уларнинг юридик манзиллари, сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар энди махфий ҳисобланмайди. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Вазир сўнгги вақтларда чет эл жазони ижро этиш тизими тажрибаси атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилиб чиқилганлигини айтган. Ўрганиш натижаларига кўра, бир қатор давлатларда жазони ижро этиш тизимига оид масалаларга тегишли айрим маълумотлар интернет тармоғида умумий фойдаланиш учун очиқлиги маълум бўлди. Бу эса халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот тузилмалари томонидан ушбу мамлакатлар пенитенциар тизимига доир аниқ маълумотларга асосланган рейтинглар тузиш ва унга холис баҳо бериш имкониятини беради.

Лондонда жойлашган Қамоқхоналарни тадқиқ қилиш халқаро маркази томонидан 2019 йилда эълон қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 150 нафар жазо ўтаётган шахс тўғри келиши, тизимда 43,9 минг нафар шахс сақланаётганлиги кўрсатилиб, Ўзбекистон бу борада 222 давлат ичида 105-ўринни эгаллаган.

«Аслида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигининг либераллаштирилиши натижасида сўнгги ўн йилликда жазо муддатини ўтаётган шахслар сони кескин қисқарди. Реал ҳолатга кўра, бугунги кунда жазони ижро этиш тизимидаги маҳкумлар сони 22,9 минг нафарни ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 67 нафар шахс тўғри келади. Ушбу рақамлар биринчи маротаба очиқланмоқда», — деди вазир.

«Ушбу маълумотларнинг очиқланиши Ўзбекистоннинг мазкур рўйхатдаги кўрсаткичи 70 поғонага яхшиланишини кўрсатади. Ҳозирда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфида 43 жазони ижро этиш муассасаси ва 11 тергов ҳибсхонаси мавжуд. Муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади. Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётганлар кўрсаткичи 56,4 фоизни ташкил қилмоқда», — деди Пўлат Бобожонов.

Жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бундан буён расмий сайтларда эълон қилиб борилиши айтилди. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасидаги ўлим ҳолатлари ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар ҳам эндиликда махфий саналмайди.

Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни статистик маълумотлар билан изоҳлаш ва халқаро рейтинглардаги ўрнини аниқ ифода этиш ҳамда юртдошларимиз ва хорижий экспертларнинг жазони ижро этиш тизимига оид аниқ маълумотларга эга бўлиш имконини беради, деб ҳисоблайди вазир.

Маълумотга кўра, жазони ижро этиш муассасаларига қарашли корхоналарда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг 80 фоизга яқини фойдали меҳнатга жалб этилган. 2019 йил ва жорий йилнинг ўтган даври давомида 3 минг 559 янги иш ўрни яратилиб, 1минг 352 нафар маҳкум меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди ва уларга тегишли сертификатлар берилди.

«2020 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида шундай корхоналар томонидан 100,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ишлаётган ҳар бир маҳкумга ўртача 700−800 минг сўм, айрим мутахассисликлар бўйича эса, 1,5−2 миллион сўмгача ойлик маош берилмоқда», — деди Пўлат Бобожонов.