Европанинг нефть қазиб олувчи компаниялари ўзларининг ривожланиш режаларини қайта кўриб чиқишмоқда. Буюк Британиянинг BP компанияси август ойи бошида мамлакатларда янги геологик ҳудудларни ўрганишдан бутунлай воз кечишини эълон қилди, дея хабар берди Bloomberg.

Компаниялар муқобил энергияни ривожлантириш ва иссиқхона газлари чиқиндилари учун тўловларнинг ошиши борган сари кўпроқ конларни фойдасиз ҳолга келтирмоқда деб ҳисоблашади.

Сўнгги ойларда Европанинг нефть қазиб олиш соҳасидаги мутахассислари эндиликда миллиардлаб долларлик нефть ва газ заҳиралари ҳеч қачон қазиб олинмаслигини тан олишди, деб ёзади Bloomberg.

Ҳозирги шароитда баъзи конларнинг ривожланиши икки сабабга кўра фойдасиз бўлиб бормоқда: 2020 йилги нефть инқирози Ғарб мамлакатларининг қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишини тезлаштирди ва иссиқхона газлари чиқиндиларига Европа квоталари 10 йиллик максимал даражага қимматлашди.

Нефть компанияларининг янги конларни ўзлаштиришдан воз кечиш ҳаракатини Британиянинг BP компанияси бошлаб юборди. Компания нефтьга бўлган талабнинг пасайишидан энг кўп зарар кўрганлардан бирига айланди. 2020 йилнинг иккинчи чорагида BP 6,7 млрд долларгача зарар кўрди. 4 август куни компания 2030 йилга келиб нефть ва газ қазиб олишни 40 фоизга қисқартириш ниятида эканлигини ва ушбу режанинг бир қисми сифатида янги мамлакатлардаги конларни қидиришдан бутунлай воз кечишини маълум қилди. Шу билан бирга, BP қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш даражасини 50 гигаваттга етказмоқчи.

Коронавирус инқирози олдинроқ айтиб ўтилган қидирув ва қазиб олиш ҳажмининг пасайиши тенденциясини тезлаштирди, дея хабар беради Rystad Energy консалтинг компанияси. Компания дунёдаги қазиб олинадиган нефть заҳираларининг қарийб 10 фоизи (125 млрд баррель) энди ҳеч қачон қазиб олинмаслигини тахмин қилмоқда.

Bloomberg томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, биринчи навбатда қазиб олиниши қийин бўлган заҳираларнинг қисқартирилиши маълум бўлди. Франциянинг Total компанияси июль ойида 8,1 млрд евро миқдоридаги активларини ҳисобдан чиқариб ташлашга мажбур бўлди.

Нефть соҳасидаги мутахассислар Бразилия, Ангола ва Мексика кўрфази қирғоқларидаги заҳиралардан воз кечилиши мумкинлигини айтишмоқда.