17−18 август кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми ғарбий оқим таъсирида бўлади, мамлакатга Каспий денгизи устида шаклланган кам нам ва нисбатан салқин ҳаво кириши ва кўпчилик ҳудудларда булутлиликнинг ортиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Ҳафтанинг илк кунларида Тошкент вилояти, Фарғона водийси вилоятлари, республиканинг тоғолди ва тоғли туманларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Мамлакатнинг айрим жойларида шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метргача кучайиши мумкин.

Бутун республика бўйича ҳароратнинг пасайиши кутилмоқда. Сешанба куни ҳаво ҳарорати 28−33 даражагача, жанубда 34−37 даражагача пасаяди.

19 августдан атмосферадаги ғарбий оқимлар жануби-ғарбий оқимлар билан алмашади. Республика ҳудудига хорижий жанубдан иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кўтарилади.

19−21 августда бутун республика бўйича об-ҳаво асосан кам булутли бўлади, ҳарорат бироз кўтарилади. Агар 19 августда кундузги ҳарорат 28−33 даража атрофида бўлса, 20−21 август кунлари кундузи ҳаво 34−37 даражагача исийди, дейилади Ўзгидромет хабарида.