Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳоким вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг вафот этгани ҳақида хабарларни рад этди. Ҳокимлик маълумотига кўра, ҳоким Тошкентда даволанмоқда.

Карим Камолов ўлими ҳақида Xabar.uz нашри (мақола ўчирилган) ва бир неча Telegram каналлари хабар берди. Ҳокимлик матбуот хизмати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерлардан ёлғон хабарлар тарқатмасликни сўраган.

Ҳокимият вакиллари «Газета.uz»га Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Бухоро вилоятига ташриф буюрганлигини тасдиқлашди, лекин унинг ташрифи сабабига тўхталиб ўтишмади.

Июль ойининг охирида Карим Камолов Тошкентда коронавирусдан даволанаётганлиги ҳақида маълумот берилди. «Газета.uz»нинг аниқлаштиришича, ҳоким Akfa Medline хусусий клиникасида даволанмоқда. У ерда бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ҳам даволанмоқда.