Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котибининг хабар беришича, коронавирус билан касалланган бемор вафот этса, беморни дафн этиш жараёни мутахассислар назоратида ўтади.

Хабарда айтилишича, бемор вафот этган тақдирда ҳеч қачон бирор шифокор уни шундай чиқариб яқинларига бериб юбора олмайди. Бундай ҳолат юз берган тақдирда, ўша ходимга нисбатан чора кўрилади.

«Биринчидан, жасадни унинг яқинларига бериш жараёнига даволовчи шифокор аралашмайди. Иккинчидан, барча ишлар патологик анатомия муассасасида белгиланган тартибда бажарилади. Қолаверса, муассаса ходими жасадни ўрашдан олдин, албатта унинг юзини яқинларига кўрсатиб, аниқлик киритади. Барча жараёнлар ҳужжатда тўла акс этади», — дейди Республика патологик анатомия маркази директори, профессор Ражаббой Исроилов.

Ҳозирги кунда коронавирусдан вафот этган беморларни дафн этиш жараёни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Республика санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари иштирокида амалга оширилади.

Вазирлик вакили ушбу шароитда аҳолидан турли хил миш-миш ва асоссиз хабарларга ишониб қолмасликни сўради.

Олдинроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси пандемия шароитида маййитни, хусусан коронавирусдан вафот этган марҳумларни ювиш, кафанлаш ва дафн этиш маросимлари қандай ўтказилиши борасида тушунтириш берган эди.