16 августга ўтар кечаси Лондонда Қозоғистон биринчи президентининг невараси 29 ёшли Айсултан Назарбоев оламдан ўтди.

«Оилам севимли Айсултаннинг ўлими муносабати билан чуқур қайғуда ва ушбу оғир соатларда жамоатчиликнинг ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишини ҳурмат қилиб, тўғри тушунишади, деб умид қиламиз», — дейилади Дариға Назарбоеванинг ўзи раҳбарлик қилаётган Нурсултон Назарбоев жамғармаси сайтида эълон қилинган мурожаатида.

Zakon.kz сайти маълумотларига кўра, Айсултан Назарбоевнинг ўлимига юракнинг тўхтаб қолиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Айсултан Назарбоев 1990 йил 26 август куни Дариға Назарбоева ва марҳум тадбиркор Рахат Алиев оиласида дунёга келган.

У Остонадаги Халқаро узлуксиз таълим коллежи ҳамда Австриядаги Америка халқаро мактабида таҳсил олган. 2010 йилда Сандхерстдаги Қироллик ҳарбий академиясини тамомлаган.

2012−2013 йилларда Қозоғистон Мудофаа вазирлари Бош разведка бошқармасида ишлаган.
2017 йил февраль-октябрь ойларида Қозоғистон Футбол федерациясининг ФИФА, УЕФА ва миллий федерациялар билан алоқалар бўйича вице-президенти лавозимида фаолият юритган.