Агар қасддан содир этилган қотиллик жиноятларида охирги уч йил ва жорий йилнинг 7 ойида 1,5 минг нафардан зиёд одам вафот этган бўлса, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларида қотилликка нисбатан беш баробар кўп ёки 7,5 мингдан зиёд фуқаро ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

«Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишдаги энг катта масалалардан бири — бу ҳайдовчилик маданияти билан боғлиқ, — дея таъкидлади вазир. — Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, шу йилнинг 7 ойида 12 мингдан зиёд ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган, 87 мингдан ортиқ пиёда йўл қоидаларини бузган, 17 минг нафарга яқини транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли телефондан фойдаланган».

Пўлат Бобожонов бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, жумладан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик ролини кескин ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Шунингдек, ҳайдовчиларнинг билимини ошириш учун уларни ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, йўлларнинг сифатини ошириш, фоторадарларни кўпайтириш лозим.

Ички ишлар вазирининг қайд этишича, Йўл-патруль хизмати ходимларининг фуқароларга сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаш ва муомала маданиятини ошириш учун сўнгги икки ярим йил ичида йўл-патруль хизмати ходимлари навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилди. Фуқаролар билан мулоқотда қўпол камчиликларга ёки қонун бузилишига йўл қўйганлиги учун 142 нафар ходим ишдан бўшатилган.

«Йўл-патруль хизмати ходимларининг кўпчилик қисми ўрта махсус маълумотга эга бўлганлиги боис уларни босқичма-босқич олий маълумотлилар билан алмаштириш ҳам кўзда тутилган», — деди Пўлат Бобожонов.

Эслатиб ўтамиз, 13 август куни Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида Nexia-2 ҳайдовчиси маст ҳолда автомобиль бошқариб, велосипедда кетаётган икки болани уриб юборган ва уларнинг воқеа жойида вафот этишига сабабчи бўлган эди.