Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси Юнусобод туман Санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг бош шифокори Т. К.га нисбатан жиноий иш қўзғатди, дея хабар берди назорат органи матбуот хизмати.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz» га аниқлик киритишича, бош шифокор 17-сонли коронавирусга қарши курашиш бўйича республика махсус комиссияси мажлиси баённомасининг 1-бандини бузганликда айбланмоқда. Бу ерда гап, жумладан, 15 июль куни фуқаро А. Т. га Юнусобод туманидаги СЭОМда қурувчи бўлиб ишлаётгани тўғрисида сохта гувоҳнома бергани ва карантин пайтида унинг автомашинада эркин ҳаракатланишига рухсат берувчи ҳужжат расмийлаштирилгани ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, Т. К. апрель-август ойларида яна 21 нафар фуқарога СЭОМда ишлаётгани ҳақида сохта меҳнат гувоҳномалар ва шахсий автомобилни бошқариш учун махсус рухсатномалар берганликда гумон қилинмоқда.

Ушбу далиллар асосида Т. К. га нисбатан Жиноят кодексининг 209-моддаси 1-бандига (ҳужжатларни сохталаштириш, яъни мансабдор шахснинг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ўзбошимчалик билан ёки бошқа манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ёлғон маълумот бериш) кўра жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология осойишталиги марказиню бош шифокори Малика Қудратхўжаева «Газета.uz» га берган интервьюсида, Юнусобод туманидаги СЭОМ ходимларининг иш жойларига олиб борилиши учун уларнинг қариндошларига гувоҳнома бериш ҳақида гапирди.

«Бу стикерлар эмас, маълумотномалар. Ҳақиқатдан ҳам тан олиш керак, сертификатлар СЭОМ ходимларига эмас, балки уларнинг қариндошларига берилган. Масалан, СЭОМ ходимининг акаси рухсатнома олди, лекин фақат синглисини ишга олиб келиш учун. Бошқа ҳолларда ҳам худди шундай, фақат қариндошлар олишди. Аммо улар қандайдир йўл билан ишга келишлари керак-ку, автобуслар барча учун етмайди… Уларнинг баъзилари вилоятлардан келишади. Прокуратурага уларнинг қариндошлигини кўрсатиш учун барча ҳужжатларни олиб бордик — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни, паспортларни олиб бордик. Аммо эндиликда бу масала суд орқали ҳал қилинади», — деди у.