АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Бишкекда ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканлигини билдирди.

«Мен Қирғизистон расмийлари Ўзбекистон ҳукумати талабига биноан ўзбек журналисти Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олганликлари ҳақидаги хабарлардан қаттиқ хавотирдаман. Биз унинг ишини диққат билан кузатмоқдамиз», — деб ёзди Twitter да АҚШ дипломатик ваколатхонаси раҳбари.

У икки мамлакат ҳукуматларини журналистнинг ҳаракат эркинлигини ҳурмат қилишга ва Қирғизистон орқали танланган жойга кетишига рухсат беришга чақирди.

«Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрь ойида Конституция кунидаги нутқида ва ундан кейин ҳам оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва журналистларнинг ҳуқуқлари тўғрисида бир неча бор сўзлаган. АҚШда эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари амалдаги демократиянинг ажралмас қисми эканлигига қўшилишади», — деди Даниел Розенблюм.

Бобомурод Абдуллаев 8 август куни Қирғизистон пойтахтида қўлга олинган эди. Ҳозирда журналистни Ўзбекистонга топшириш масаласи ҳал қилинмоқда. Бишкек суди уни 8 сентябргача ҳибсга олди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ, Нью-Йорк), Amnesty International ва бошқа қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматига Бобомурод Абдуллаевни озод қилинишини сўраб мурожаат қилишган.