Вазирлар Маҳкамасининг коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун заҳира яратиш мақсадида 2020 йилдаги давлат бюджети харажатларини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси муҳокама учун Regulation.gov.uz сайтида эълон қилинди.

Унга кўра, республика бюджети деярли 706 млрд сўмга мақбуллаштирилади.

Жумладан, бюджет ташкилотларида (тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалари, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1−3-разрядлари қўлланиладиган ходимлардан ташқари) ишлайдиган ходимларга режалаштирилган моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишини октябрь-декабрь ойлари учун 2021 йилнинг 1 январига қадар тўхтатиб турилади. Бунда 296 млрд сўм тежалади.

Буднан ташқари, бюджет ташкилотларида асосий воситалар сотиб олиш учун 55,4 млрд, хизмат сафарлари учун 15,9 млрд, жорий таъминлаш учун 17,1 млрд ва бошқа харажатларни молиялаштириш тўхтатилади.

Пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг томчилатиб суғоришни жорий этиш учун режалаштирилган 98, 9 млрд сўм, қишлоқ хўжалиги учун зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларига ажратилган 60 млрд сўм ҳам мақбуллаштирилади.

Шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг 326 млрд сўмлик харажатлари оптималлаштирилади. Бундан ташқари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида кўзда тутилган харажатлар бўйича лимитлар ҳам қайта кўриб чиқилади. Натижада 130 млрд сўмча маблағ иқтисод қилинади.

Мақбуллаштирилган маблағлар келгусида коронавирус инфекциясига қарши курашиш чора-тадбирларига йўналтириш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасига йўналтирилади.

Қарор муҳокамаси 28 августга қадар давом этади.