Ўзбекистонда БМТ коронавирус пандемиясининг энг заиф аҳолисига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган янги Қўшма дастурни амалга оширишни бошлади. БМТнинг Тараққиёт дастури матбуот хизматининг «Газета.uz» га хабар беришича, ушбу дастур бюджети 1 млн долларни ташкил этади.

Дастурни амалга ошириш жараёнида Ўзбекистондаги ёшларга ҳуқуқий, бизнес ва психологик масалалар бўйича маслаҳатлар берилади. Қўшма дастур доирасида норасмий меҳнат муносабатларини қонунийлаштириш жараёнини осонлаштириш учун рақамли технологиялардан кенг фойдаланилади. Бу норасмий ишчилар томонидан ижтимоий суғурта воситаларидан фойдаланиш даражасини яхшилаш, тўловларни мониторинг қилиш, ижтимоий ҳимоя самарадорлиги ва қамровини баҳолаш, шунингдек, аҳолининг энг заиф қатламлари учун меҳнат бозорида юзага келган ўзгаришларга мослашувчан муносабат билан амалга оширилади.

Қўшма дастур қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

  1. Ишсиз қолган норасмий сектор ишчиларни, айниқса ёшлар ва аёлларни, шу жумладан имконияти чекланган аёлларни, ёлғиз аёл бошчилигидаги оилаларни техник ва молиявий қўллаб-қувватлаш;
  2. Қуролли можаролар билан боғлиқ ҳудудлардан қайтган оилаларга ва ихтисослаштирилган тарбиялаш муассасаларидан қайтиб келган болаларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам;
  3. Аёллар ва қизларни, шунингдек, жинсий зўравонлик қурбонларини, ишонч телефонлари ва фаол маълумот бериш ва тарғибот қилиш тадбирлари орқали ҳар томонлама ҳуқуқий, руҳий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
  4. Қайтиб келган муҳожирларнинг заиф гуруҳлари ва уларнинг оилаларига ижтимоий-иқтисодий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам.

БМТ агентликлари маълумотларига кўра, инқироз дунёдаги энг ҳимоясиз гуруҳларга қаттиқ таъсир кўрсатмоқда.

«Ишсиз ёки норасмий секторда ишлайдиган ёшлар ва аёллар даромад ва ижтимоий ҳимоясиз қолдилар. Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари пул топиш учун қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Аёллар ва қизлар зиммасига тушаётган ғамхўрлик қилиш ва даволаш юки бирдан ортди. Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва зўравонлик даражаси ошди. Қуролли можароли ҳудудлардан қайтган оилалар ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган болалар ижтимоий-руҳий стрессни бошдан кечирмоқдалар», — дейилади баёнотда.

«Ўзбекистон ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб молиявий ва тартибга солувчи чора-тадбирларни амалга ошириш орқали инқирозга қарши кенг қамровли чораларни амалга оширганига қарамай, аҳолининг энг заиф қатламларига, жумладан болалар, ногиронлар, аёллар, кексалар, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш кўлами ва самарадорлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд», — дейди БМТ тизими.

Қўшма дастур БМТТД раҳбарлигида амалга оширилади. Шунингдек, дастурда БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ва Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳам қатнашади.

Дастур бўйича миллий шериклар орасида Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Гендер тенглигини таъминлаш комиссияси, шунингдек, Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари бор.

«COVID-19 нинг тарқалиши ишсизлик ва қашшоқликни кучайтиради, шунингдек, оиладаги зўравонлик ҳолатлари кескин ўсиб бормоқда. Янги аҳоли гуруҳлари мисли кўрилмаган зарбаларга дучор бўлмоқдалар ва муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилиш учун уларнинг муҳим эҳтиёжларини яхшироқ тушуниш керак», — деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрейзер.

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Саша Грауманннинг таъкидлашича, ЮНИСEФ дастури доирасида, COVID-19 даврида заиф оилалар ва болалар эҳтиёжларини аниқлаш учун оила мутахассислари, ижтимоий ишчилар ва психологларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга интилиб, уларга доимий маслаҳат ва йўлланма беришга ҳаракат қилинади.

UNFPA нинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю: «Касалликлар аёллар ва эркакларга турлича таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, бу ҳолат аёллар ва қизларга нисбатан мавжуд тенгсизликни кучайтиради ва аҳолининг алоҳида гуруҳларининг камситилишини кучайтиради. ЮНФПА зўравонликнинг олдини олишни COVID-19 таъсирини камайтириш режалари орасига қўшди ва бошпана жойларни, онлайн хизматларни қўллаб-қувватламоқда, тезкор алоқа тармоғини кенгайтирмоқда ва гендер зўравонликнинг олдини олишга қаратилган инновацион хабар тарқатувчи каналлар (масалан, „Нет насилию“ Telegram-канали) яратмоқда».

Халқаро Миграция Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Санжарбек Тошбаев: «Минглаб мигрантлар саёҳат чекловлари туфайли қийин аҳволга тушиб қолишди. Пул ўтказмалари оқими — минтақадаги бир қатор мамлакатларнинг асосий ҳаёт манбаи — минимал даражага тушиб қолди. Шунингдек, чет элларда юз минглаб иш ўринлари йўқолди ва миллионлаб оилалар ўта қашшоқлик хавфига дуч келмоқдалар. Қўшма дастур, шу қаторда, қайтаётган муҳожирларнинг энг заиф гуруҳлари ва уларнинг оилаларининг шошилинч ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини қондиришга, уларга реинтеграция жараёнида ёрдам кўрсатишга, шунингдек, уларга ижтимоий-иқтисодий, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар беришга қаратилган.