Тошкент шаҳрида Labo русумли юк машинаси иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида битта инсон ҳалок бўлди ва битта инсон жароҳат олди, дея хабар берди ИИББ матбуот хизмати.

Автоҳалокат 11 август куни Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида юз берган. 20 ёшли Асадбек Н. Labo русумли юк автомобилини бошқариш давомида бошқарувни йўқотиб реклама устунига тўқнашган. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.

ЙТҲ натижасида бадан шикастлари етган ҳайдовчи шифохонага етказилди. Йўловчи — 31 ёшли Тошкент вилоятида туғилган Бекзод С. олган бадан шикастлари сабабли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.

Мазкур факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси (ҳайдовчининг транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиши оқибатида ўлимга сабаб бўлиши) бўйича жиноий иш қўзғатилди.