Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12−13 август кунлари видеоанжуман шаклида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига табрик йўллади. Форум мавзуси — «Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари».

Президент COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал ҳаёт кун тартибидаги марказий масала бўлиб келаётганини таъкидлади. «Янги коронавируснинг тарқалиши бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келди. Аҳоли, биринчи галда ёшлар ана шу таҳдидларга жавобан давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилишини талаб этадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келди», — деди у.

«Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарур», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

У бутун жаҳонда кўнгилли ёшлар ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашда, янги иқтисодий ва гуманитар дастурларни илгари суришда фаол иштирок этаётганига эътибор қаратди.

«Ҳозирги замонда интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшлар барқарор тараққиётнинг драйверига айланмоқда. Бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари — мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда», — дея қайд этди президент.

У ҳозирги вақтда «Ўзбекистон ёшлари — 2025» концепцияси ишлаб чиқилаётгани, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индекси жорий этилаётганини қўшимча қилди.

«Бугунги кунда инсоният дуч келаётган кўплаб муаммолар — тинчлик ва хавфсизликка таҳдидлар, терроризм ва экстремизм, ирқчилик, иқлим ўзгаришлари, шунингдек, COVID-19 пандемияси — ўзаро келишилган глобал ҳамкорликни ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш жараёнларига ёшларни фаол жалб қилишни талаб этмоқда», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши ёш авлодни маърифий руҳда тарбиялаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратишдек эзгу мақсадларга хизмат қилишига умид билдирди. Шунингдек, форум иштирокчилари мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ҳужжат лойиҳасини ўз амалий таклифлари билан бойитишига ишонишини таъкидлади.