«Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш» ҳисоботи жамоат муҳокамаси учун эълон қилинди. Унда ижтимоий ҳимоя бўйича асосий дастурлар тавсифи, уларнинг мақсадга мувофиқлиги, таъсирчанлиги ва ҳаражатларнинг самарадорлиги, молиявий барқарорлиги баҳоланган. Ҳисоботда тизимнинг асосий кучли ва заиф томонлари аниқланиб, Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш бўйича бир қатор хулосалар ва тавсиялар тақдим этилган. Жойлардаги баҳолаш бўйича ишлар 2018 йилнинг октябридан 2019 йилнинг август ойигача олиб борилган.

Қисқа хулосалар

Ўзбекистонда ижтимоий суғурта, ижтимоий ёрдам ва меҳнат бозорини фаоллаштириш дастурларидан иборат бўлган, нисбатан аниқ шакллантирилган ва кенг қамровга эга бўлган ижтимоий ҳимоя тизими мавжуд, аммо умумий аҳолининг деярли ярми ва кам таъминланган оилаларнинг учдан бир қисми ижтимоий ҳимоя дастурлари билан таъминланмаган͘.

Ҳозирги кунга келиб, мамлакатда ижтимоий ҳимоянинг расмий таърифи қабул қилинмаган. Шунингдек, ҳозирги вақтда ижтимоий ҳимоя дастурларини ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва бошқариш бўйича ихтисослашган муассаса мавжуд эмас. Ижтимоий ҳимоя функциялари турли вазирликлар ва муассасаларга тақсимланган ва ушбу вазирликлар ва муассаларнинг ҳеч бири бутун тизимни тўлақонли қамраб олмайди ва шунинг учун ижтимоий ҳимоя бўйича ҳар хил турдаги дастурларни ўзаро мувофиқлаштиришга жавобгар эмас. Ҳар бир муассасада вертикал ташкилий тузилма мавжуд бўлсада, улар орасидаги идоралараро ҳамкорлик суст ва бунинг натижасида турли ижтимоий ҳимоя дастурлари орасида горизонтал алоқалар шаклланмаган.


Инфографика: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

Бундай иституционал тарқоқлик натижасида, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини интеграциялашга каратилган харакатлар амалга ошириш анча мушкулдир.

Бундай ҳолат жиддий ташвиш туғдириши табиий, чунки халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки алоҳида бир дастурни кучайтириш бутун тизим ёки ижтимоий ёрдам олувчилар нуқтаи назаридан оптимал бўлмаслиги мумкин, ва бунда бутун тизимни комплекс ислоҳ этиш талаб этилади, дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда келтирилган асосий тавсиялардан бири бу Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва унинг барча функцияларини ягона ихтисослашган муассасага ўтказишдан иборат.

Ижтимоий ҳимоя функцияларини ягона ихтисослашган муассасада бирлаштириш орқали уларнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш учун зарур бўлган ҳуқуқий база ва сиёсий асосни яратиш керак.

Миллий стратегия, болалар ва катталарни ижтимоий ҳимоя қилиш б̲йича халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилиб, қуйидагиларни инобатга олиши керак:

  1. ижтимоий ҳимоя жамиятнинг барча аъзоларига бутун ҳаёт давомида тақдим этилиши лозим ва бунда унинг ташкилий қисмлари бўлмиш ижтимоий суғурта, ижтимоий ёрдам, ижтимоий хизматлар ва бандлик дастурлари ўртасида алоқалар ўрнатилиши керак;
  2. ижтимоий ҳимоя устуворликларини эҳтиёжлар ва ҳуқуқлар билан мувофиқлаштириш;
  3. ижтимоий ҳимояни таъминлашда қатнашувчи барча ташкилотлар орасида мувофиқликни кучайтириш. Бунда ижтимоий ҳимоя муассасаси турли ҳилдаги ижтимоий ҳимоя дастурларини самарали мувофиқлаштиради ва бирлаштиради, ҳамда миллий миқёсда ҳисобдорлик ва жавобгарликни таъминлашда етакчилик қилади, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг миллий стратегиясини амалга оширишнинг асосий механизми бўлиб хизмат қилади.


Инфографика: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

Ижтимоий ҳимоя тизими билан қамраб олиш

«Ўзбекистон фуқароларини тинглаш (ЎФТ, 2018) уй хўжаликлари танланма сўрови натижалари шуни кўрсатадики, ижтимоий ҳимоя тизимининг (ижтимоий ёрдам, ижтимоий суғурта ва меҳнат бозорини фаоллаштириш дастурларини ўз ичига олган ҳолда) умумий қамрови аҳолининг 55 фоизини ташкил этиб, асосан ижтимоий суғурта ҳисобига тўғри келади ва бунда ижтимоий суғурта тизими ўзи аҳолининг 44 фоизини қамраб олади.


Инфографика: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

Барча ижтимоий ҳимоя дастурлари иштирокчиларининг умумий сони 2012−2017 йиллар оралиғида 8,1 миллион кишидан 6,4 миллион кишигача камайди. Бунда ишсизлик нафақалари ва кам таъминланган оилалар учун бериладиган нафақа олувчилар орасида энг катта пасайиш қайд этилди.


Инфографика: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

Ҳисоботнинг тавсияси қуйидагидан иборат: барча муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш учун турли ҳил эҳтиёжларга эга бўлган барча аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя дастурлари билан қамраб олиш зарур. Бу мақсадга эришиш учун ижтимоий ҳимоя дастурларига йўналтирилаётган маблағлар миқдорини ошириш, ижтимоий ҳимояни тайинлашда (шу жумладан, ишсизлик нафақаларини) аниқ ва ошкора мезонларни жорий этиш, расмий бандлик улушини ошиши ва ишсизлик ҳолатларини суғурталаш учун зарур чоралар кўриш, кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақаларни тайинлаш механизмларини такомиллаштириш ва маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишнинг сифатли тизимини яратиш зарур бўлади.

Ижтимоий ҳимоя харажатлари

2018 йили Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоизини ташкил этган, ва бу кўрсаткич Европа ҳамда МДҲ малакатларидаги ижтимоий ҳимоя сармояларининг ўртача даражасидан анча паст͘. Бу кўрсатгичда Ўзбекистон даражаси Қозоғистонги яқин бўлсада, Қирғизистонга нисбатан бир ярим баравар кам, Молдова сармояси Ўзбекистон сармоясига қараганда қарийб уч баравар кўп, Россия Федерацияси эса ЯИМининг Ўзбекистонга нисбатан қарийб 10 фоиз пунктларига кўпроқ сармоя киритмоқда.

2018 йилда ижтимоий ҳимоя харажатларининг аксарият қисми (тахминан 82,3%) ижтимоий суғурта дастурларига йўналтирилди ва уларнинг улуши 2012 йилдан бери бир оз ўсди.


Инфографика: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

Ижтимоий ёрдам дастурларига давлат бююджети томонидан сарфланган маблағлар 2018 йили ялпи ички маҳсулотнинг 0,92 фоизини ташкил этди ва бу кўрсаткич Европа ва Марказий Осиё давлатларида ижтимоий ёрдамга сарфланадиган ўртача минтақавий харажатлардан паст.

Мавжуд дастурларнинг натижаларини ва самарадорлигини баҳолаш учун давлатнинг ижтимоий ҳимоя харажатларининг таҳлил этиш мақсадга мувофиқ, дейилади ҳисоботда.

Ижтимоий ҳимоянинг янги миллий стратегиясини амалга ошириш учун зарур бўлган сармоялар миқдорини ҳисоблаб чиқиш керак ва бунда мавжуд маблағлар ҳамда қўшимча зарур бўлган маблағларни аниқ кўрсатиш керак бўлади. Давлат харажатларининг таҳлили жорий харажатларнинг ва ижтимоий ҳимоя тизимининг таъсирини баҳолаш учун фактологик асосни шакллантиришга, шунингдек, давлат харажатлари таркиби ва йўналишига киритиш зарур бўлган ўзгартиришларни белгилашга имкон беради ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги бюджет имкониятларини аниқлашга ёрдам беради.

Аҳолининг кўп қисми ҳалигача ижтимоий таъминотга эриша олгани йўқ: банд аҳолининг қарийб 60 фоизи норасмий секторда бўлиб, бадал тўлашни назарда тутувчи ижтимоий суғурта дастурларида қатнашмайди.

Бутун аҳоли учун минимал даражада ижтимоий ҳимояни кафолатлаш ёндашувига мувофиқ, миллий иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар учун ижтимоий суғурта дастурларининг қамровини кенгайтириш орқали уларни ижтимоий ҳимоя қилинишини (шу жумладан, ижтимоий суғурта, оналикни ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитлари ва энг кам иш ҳақини кафолатлаш) кучайтириш тавсия этилади. Ушбу чора-тадбирлар расмий бандликнинг улушини оширишга мўжалланган умумий саъй-ҳаракатлар билан мувофиқлаштирилган ҳолатда амалга оширилиши керак.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияларига кўра болалар нафақалари билан аҳоли қамров даражасини ошириш лозим. Ҳозирда Ўзбекистон эрта демографик дивиденд даврида эканлигини ҳисобга олсак, бугун болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилаётган сармояларнинг етишмаслиги яқин келажакда Ўзбекистон учун инсон капиталини ривожлантиришда жиддий хавф ва бўшлиқларга олиб келади.

Ишсизлик бўйича нафақалар

Ҳозирги кунда меҳнат бозорини фаоллаштириш дастурларининг ҳам аҳолини қамраш даражаси чекланган бўлиб, улар асосан жамоатчилик ишлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва ўқитиш дастурларидан иборат.

Сўнгги пайтда бандликни қўллаб-қувватловчи фаол ва пассив дастурлар учун давлат харажатлари сезиларли даражада ошган бўлсада, сезиларли даражада пастлигича қолмоқда. Бу ҳолат, албатта, бандлик муаммолари жиддий бўлиб турган пайтда, ҳайратлидир, дейилади ҳисоботда.

Ишсизлик нафақасини олувчилар рўйхатга олинган ишсизларнинг умумий сонининг тахминан 1 фоизини ташкил қилади. Бундай ҳолат ижтимоий таъминотнинг халқаро стандартларининг асоси бўлмиш ишсизлик суғуртаси Ўзбекистонда деярли йўқ деганини англатади.

Ҳисоботда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли учун моддий ёрдам бериш дастурларини кенгайтириш ва уларни меҳнат бозорини фаоллаштириш дастурлари билан мувофиқлаштириш тавсия этилади͘.

Меҳнат бозорини фаоллаштириш дастурларида иштирок этиш ҳеч кимни ишсизлик нафақасини ёки кам таъминланган оилалар учун мўжалланган нафақани олиш ҳуқуқидан маҳрум этмаслиги керак, чунки, акс ҳолда, ушбу дастурларда иштирок этишга ёки расмий банд бўлишга бўлган ҳохишни пасайишига олиб келиши мумкин. Иш топиш қийин бўлган шароитда бандликка кўмаклашиш дастурлари ижтимоий нафақаларнинг ўрнини босмаслиги керак, аксинча уларни тўлдириши керак.

Ижтимоий хизматлар

Маҳалла даражасида профессионал ижтимоий хизматчилар томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яратиш учун зарур бўлган инвестицияларни амалга ошириш керак. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий хизматлар асосан ихтисослаштирилган муассасаларда кўрсатилишига асосланган тизимдан халос бўлишга имконият яратади.

Ижтимоий ҳимоя тизимининг шаффофлиги

Ижтимоий ҳимоя тизимининг шаффофлигини ошириш учун ҳар бир пенсия, нафақа, ва хизмат бўйича шикоятларни қабул қилиш ва ўрганишнинг аниқ механизмларини жорий этиш жуда муҳим.

Ижтимоий ҳимоя дастурларни амалга оширувчи барча ташкилотларда ахборот-хабардорликни ошириш маданиятини жорий этиш керак, дейилади ҳисоботда.

Амалдаги назорат тизимида нафақа ва хизматларни олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга ушбу нафақа ва хизматларни тайинланишини олдини олиш асосий мақсад деб белгиланган, ва бу, айрим ҳолатларда жамоатчиликни хабардор қилишга тўсқинлик қилиши мумкин. Ижтимоий нафақа билан қамраб олинмаган фуқаролар ўз ҳуқуқлари, шу жумладан ижтимоий нафақа ва хизматлар хақида тўлиқ маълумот олишлари керак ва улар учун ижтимоий ҳимоядан фойдаланишга рағбатлантирувчи омиллар яратиш лозим, дейилади ҳисоботда.