Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида собиқ банк бошқарувчисининг тадбиркорларнинг 520 млн сўмлик кредит маблағларини ўзлаштиргани фош этилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратурадан маълум қилинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзаобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ «Агробанк» Мирзаобод филиалининг собиқ бошқарувчиси А.Г. томонидан «Т.П.» фермер хўжалиги раҳбарининг хабардорлигисиз унинг номидан 17,6 млн сўм маблағларни бошқа хўжалик юритувчи субъект ҳисоб рақамига ўтказилганлиги ҳамда «Д.В.» фермер хўжалиги раҳбари томонидан кредит қарздорлигини сўндириш учун банкка тўланган 17 млн сўм нақд пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, А.Г.нинг 3 та хўжалик юритувчи субъектга уларнинг хабардорлигисиз жами 520 млн сўм кредит расмийлаштириб, ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юбориб, талон-торож қилганлиги фош этилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатлар юзасидан А.Г. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.