Янги ўқув йилида 1200 та мактабда электрон кундаликдан фойдаланилади. Ота-оналар қоғоз кундалик сотиб олишларига тўғри келмайди, дея хабар берди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Электрон кундалик Kundalik.com сайти орқали юритилади. Сайт TAS-IX зонасида жойлашган бўлиб, платформа билан ишлаганда барча операторлар, жумладан мобил операторлар томонидан интернет-трафик сарфланмайди.

Электрон кундалик онлайн режимда мактабдаги барча воқеалар ва баҳолардан хабардор бўлиш, синф раҳбарлари ва бошқа ўқитувчилар билан алоқани ушлаб туриш ҳамда болага таълим жараёнидаги қийинчиликларни енгиб ўтишига ўз вақтида ёрдам бериш имконини яратади.

Янги ўқув йилидан бошлаб республиканинг 1200 та мактабида қоғоз кундаликлар ва журналлар бекор қилинади.

«Бу бир томондан ўқитувчиларни қоғоз журналларни тўлдириш ва ҳисоботларни қўлда ёзишга кетадиган вақтларини иқтисод қилиш билан бирга ота-оналар ва мактаб орасида электрон ҳамкорликни янада юқори даражага кўтаришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Kundalik.com га обуна бўлиш баҳоси эса қоғоз кундаликнинг ўртача баҳосига тенг (бир йилга 10 минг сўм). Дастлабки ой давомида ота-оналар тизимдан синов тариқасида фойдаланиш имконияти мавжуд.

Фойдаланувчилар ҳақидаги барча маълумотлар «Ўзбектелеком» серверларида сақланади.